Жиззахда ИИБ ходимининг ўз кўкрагига ўқ узиб, вафот этгани ҳақида «Ҳуқуқ ва истеъмолчи» газетасида чоп этилган мақола юзасидан вилоят прокуратураси расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, воқеа 2020 йил 29 август куни соат, тахминан, 09:40 ларда юз берган. Дўстлик туман ИИБ маъмурий биносининг назорат ўтказиш пунктида хизматга жалб қилинган туман ИИБ ходими бўлган марҳум Ш.Б. ўзига бириктирилган «Макаров» номли 7230-рақамли жанговар қурол билан кўкрак қисмига бир маротаба ўқ узиб, тан жароҳати олган.
Шу сабабли у туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган. Аммо туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрсатилган тез тиббий ёрдамларга қарамасдан, соат 10:30 ларда вафот этган.
«Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади прокуратура хабарида.