Ижтимоий тармоқларда Фарғонанинг Қува туманида 20 ёшли йигит ички ишлар идорасида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган А.А.нинг «ўлиги ИИБдан чиққани» ҳақида дастлаб блогер Олимжон Ҳайдаров ёзган.
«Қувада 20 ёшли, соппа-соғ йигитни ИИБ ходимлари ‘суҳбат’ учун олиб кириб кетиб, ўлигини олиб чиқиб берибди. Йиқилиб тушганмиш... Эшитишимча, ниқоб бўйича жарима қилмоқчи бўлишганда, 20 ёшли бола ва ИИБ ходимлари орасида бироз тортишув бўлибди. Ходимлар йигитнинг ‘эсини киритиб қўйиш’ мақсадида олиб кириб кетган, маълум муддатдан кейин ‘йиқилиб тушиб’ вафот этган боланинг мурдасини олиб чиқиб беришибди», — деб хабар қолдирган блогер Facebook’даги саҳифасида.
Чироқчи ва Андижондаги ички ишлар ходимларининг фожиали зўравонликлари билан боғлиқ хотиралар ҳали совиб улгурмагани учун, Қувадан келган мазкур хабар ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шу боис ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов алоҳида баёнот берди.
ИИВ вакили марҳум А.А. билан ҳақиқатан ҳам карантин қоидаларини бузгани учун профилактик суҳбат ўтказилгани тасдиқлаган, бироқ бу суҳбат 31 март куни ўтказилганини, А.А. эса 2 апрель куни «Қалинпўстин» маҳалласи бўйлаб пиёда кетаётганида соғлиғи бирдан ёмонлашиб, шифохонага олиб борилгани ва кўрсатилган муолажаларга қарамай, вафот этганини маълум қилган. А.А.нинг танасида унинг ўлими билан узвий боғлиқ тан жароҳатлари аниқланмагани, унинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак-қон томир касаллиги ва иккала буйрак поликистози сабаб бўлганини Фарғона вилояти прокуратураси ҳам тасдиқлади.
«Ёлғон маълумотни тарқатган ижтимоий тармоқ фаолининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ўринда бир савол туғилади — ижтимоий тармоқ фаолининг ‘Жамоат назорати тўғрисида’ги қонуни талаблари ҳақида билими бўлмаслиги мумкин, лекин ушбу маълумотни ‘миш-миш’ сифатида тарқатаётганлардан наҳотки бирортаси буни текшириб кўриш ҳақида ўйламаган бўлса?!», — деб савол қўйган ИИВ матбуот котиби. «Дарё» мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида масъуллар ва воқеа гувоҳлари билан боғланди.
«Жуда одобли бола эди. Акаси учун сиқилиб юрган бўлса, жаҳл устида ‘участковой’ билан тортишган бўлиши мумкин»
Марҳум А.А. 31 март куни «Қалинпўстин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ниқобсиз юргани учун профилактика инспектори томонидан оғзаки тарзда огоҳлантирилган (қайд этиш жоиз, Фарғона карантин талабларига риоя этилмаётгани юзасидан Ўзбекистонда энг кўп жарималар қўлланилаётган вилоят ҳисобланади). Шу ерда ниқоб тақиб олиш ҳақидаги талабга бўйсунишни истамаган А.А. ва профилактика инспектори ўртасида тортишув юз берган.Шундан сўнг ИИБ ходими А.А.нинг шахсига аниқлик киритиш, у билан профилактик суҳбат ўтказиш ва ҳолат юзасидан баённома расмийлаштириш мақсадида уни «Қалинпўстин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган милиция таянч пунктидаги хизмат хонасига олиб борган.
«Бунга тўрт-беш кун бўлиб қолди, аниқ куни эсимда йўқ. Ҳудудимизда ўғирлик содир бўлганди. Маҳалла оқсоқоллари ва профилактика инспектори билан шу ишни муҳокама қилаётгандик. Мени ичкарида эдим, бирдан тўполон бўлиб кетди. Ташқарига чиқсам, А.А. профилактика инспектори билан гап талашиб турган экан. ИИБ ходимлари уни ниқобсиз юргани учун огоҳлантирган. Лекин у гапга қулоқ солмай, ички ишлар ходимига ҳурматсизлик қилган. Кейин идорада гаплашамиз деб, у болани олиб кетишди. Амакиси У.Х. ҳам бирга борди», — дейди «Қалинпўстин» МФЙ раиси Фароғат Тожиддинова.
«У ерда кўпчилик эдик, оқсоқоллар, маҳалла фаоллари. Ҳеч ким у йигитни урмади. Ярим соатларда дадаси ва амакиси ‘участковой’нинг хонасидан олиб кетди. А.А. жуда тартибли, одобли бола эди. Амакилари билан қўшнимиз, кўз олдимизда катта бўлган. Бировга гап қайтарадиган, биров билан уришадиган бола эмасди. Ўтган йили акаси ҳовлида узум кесаётиб, токдан йиқилиб тушганди, касалхонада, комада эди. Балки шунга сиқилиб юрган бўлса, жаҳл устида ‘участковой’ билан тортишган бўлиши мумкин», — дея қўшимча қилди Фароғат опа «Дарё» мухбири билан суҳбатда.
«Участкавой»нинг хонасида тахминан ярим соатча ушлаб турилган
Марҳум яшаган «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икромжон Мисировнинг айтишича, А.А. «участковой»нинг хонасида тахминан 30 дақиқача ушлаб турилган. Суҳбат жараёнида марҳумнинг амакилари У.Х. ва А.Х. ҳам қатнашган. Шунингдек, дадаси Ё.Х. ҳам милиция таянч пунктига етиб келиб, ИИБ ходимларидан узр сўраган ва ўғлини ўзи билан бирга олиб кетган.Орадан икки кун ўтиб, 2 апрель куни А.А. шлакоблок ишлаб чиқариш цехидаги ишчиларидан ҳамда шифохонада даволанаётган акасидан хабар олиш учун пиёда кетаётган вақтида соғлиғи ёмонлашиб, туманнинг «Тошкент» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида йиқилиб тушган. Шифохонага олиб борилган ва ўша ерда вафот этган.
Вилоят ИИБ ахборотига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қува туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Маълум бўлишича, марҳумнинг яқинлари ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, ариза билан мурожаат қилмаган.