Собиқ СССРда вояга етган одамлардан сўраб кўрсангиз айтишади: «Ҳа-а, бизнинг давримизда Жигулидан зўри йўқ эди», «Яхши кўрган қизим раиснинг ўғлига тегиб кетган, чунки у занғарда қаймоқранг Жигули бор эди-да», «Трасса қироли дейишарди у замонларда, ҳозир ҳам юпқа тунукали карисча мошинангдан зўр». Бу гапларда ҳақиқат учқуни йўқ эмас, чунки ўша даврнинг энг олди машинаси «Жигули» эди. Автомобиль даҳоси Ҳенри Форд «Яхши машина бу янги машина» деганидек «Жигули» моделлари вақт давомида янгиланиб турган. 1970 йилдан 1982 йилгача 01, 02, 03, 04, 05, 06 ва 07 моделлари чиққан. «Дарё» мазкур автомобиль тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

«Жигули» тўлиғича Собиқ иттифоқ ишланмаси эмас, итальян ва совет автомобилсозларининг ҳамкорлиги маҳсули ҳисобланади. 1966 йилда Москвада Италиянинг Fiat компанияси ва СССР тарафи ўртасида енгил автомобиллар тайёрлаш бўйича илмий-техникавий ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Шу лойиҳа доирасида СССР ҳудудида автомобиль заводи қуриш ҳам тасдиқланган. Шартномада қандай авторусумлар чиқариш ҳам кўзда тутилган: «седан» (ВАЗ-2101), «универсал» (ВАЗ-2102) ва «люкс» (ВАЗ-2103). 1967 йилда «Йил автомобили» бўлган Fiat 124 уларга асос сифатида танланган.

Фото: Википедиа

Fiat 124

Совет ва итальян автомобилсозлари ҳамкорликни бошлади, аммо кўп ўтмай СССР йўлларида автомобиль кузови ва тормози муаммо чиқарди. Машинанинг таги (просвет) ерга жуда яқин бўлиб, СССР йўлларига бу мос эмасди. Итальян конструкторлари машинани бошқатдан ясади. Автомобильнинг юриш қисми ва трансмиссияси ҳам ўзгарди. Янги ВАЗ-2101 тормози, олд ва орқа осмаси (подвеска), карданли узатмаси ва кучайтирилган илашиш механизмлари билан Fiat 124дан фарқланадиган бўлди.

Фото: Википедиа

Илк моделлар

Халқ тилида «копейка» аталган ВАЗ-2101нинг олтита нишона русуми даставвал кўк ва қизил рангларда ишлаб чиқарилди. Шундан сўнг ВАЗ-2102 универсалини чиқариш бошланди. 1972 йилдан 1984 йилгача ВАЗ-2103 тайёрланди. У ўз даврининг «люкс»и эди. Маълум ва машҳур «нол олти» 1976 йилда дунё юзини кўрган. Саксонинчи йилларда олди тўртбурчак дизайндаги ВАЗ-2105, ВАЗ-2104 ва ВАЗ-2107лар чиқарилган.

Фото: Yandex

Айни шу моделлар энг умри узоқ чиқди. ВАЗ-2105ни 2010 йилда, ВАЗ-2107 ва ВАЗ-2104ларни эса 2012 йилда ишлаб чиқариш тўхтатилди.

ВАЗ-2107 двигателининг кучлилиги, олд панжарасининг хромланганлиги, ўриндиқлари ва бошқўйгичлари бирлашгани, асбоблар панели такомиллашгани, электр тизими билан бошқа русумлардан ажралиб турар, «трасса қироли»ни миниш йигитларнинг орзуси эди. Аммо омма меҳрини қозониш бўйича у «нол олти»га етолмайди. ВАЗ-2106 СССР тарихида энг кўп ишлаб чиқарилган машина моделларидан бири. МДҲ ҳудудидаги автозаводларда жами 4,3 млн дан ортиқ «нол олти» тайёрланган.

Фото: Википедиа

Нега «Жигули»ни «Lada» дея қайта номлашган? Айримлар люкс моделларни «Lada» деб талқин этади. Бу унчалик тўғри эмас, эски русумларни ҳам «Lada» дейиш мумкин. «Жигули» Толятти яқинидаги тоғлар шарафига қўйилган ном ҳисобланади. Аммо «Жигули»ларни экспорт қилиш масаласи пайдо бўлганда бу ном ярамаслиги маълум бўлди. Чунки кўпгина Европа тилларида «жиголо» сўзи «енгил ҳаёт кечирувчи йигит», «алфонс» деган маънони англатиб, совет машинаси билан уйқаш эшитиларди. Маслаҳатлашиб «Lada» дея қайта номлашга қарор қилинди. «Lada» русча сўз, «суюкли ёр» маъносини билдириб, бошқа тилларда ҳам яхши жаранглайди. Шундай қилиб экспорт баҳонасида «Lada» деган ном оммалашиб кетди.

1984 йилдан Самара (Спутник) оиласи автомобиллари ишлаб чиқарилган. Бу оилага ВАЗ-2108, ВАЗ-2109 ва ВАЗ-21099 русумлари киради. «Шайтанат»да Асадбек «ўриснинг тобутига ўхшайди» деб таърифлаган бу хетчбек ва седанлар қайта қуриш йилларида кўпроқ ишлаб чиқарилди, бироқ аввалги «нол олти» ва «нол етти»ларчалик шуҳратга эриша олмади.

Фото: Google Photos

Совет иттифоқи тарқалиб кетганидан кейин АвтоВАЗ компаниясининг иши орқага кетди, табиийки, автомобиль ишлаб чиқаришда ҳам тўхталишлар бўлди. Кейинчалик компания хусусийлаштирилди, аксионерлик жамияти тузилди. 2016 йилдан АвтоВАЗ Франциянинг Renault Group компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади. Сўнгги йилларда «Жигули» номи фақат эски русумларгагина нисбатан ишлатиладиган бўлди. Янги русумларни эса фақат «Lada» деб аташмоқда. Ҳозир Ўзбекистонда LADA Приора, LADA Калина, LADA Granta, LADA Largus, LADA Vesta, LADA XRay каби русумлар оиласи сотилади. Уларнинг барчаси ўз ишқибозига эга. Айниқса қўшни Қозоғистон ва Россияга ишга қатновчилар LADA Largus универсалидан фойдаланади. Чунки у етти ўринли, кенг сиғимли, қулай машинадир. Мана ҳикоямиз «Жигули»дан бошланиб, «Lada» билан ниҳоясига етди.

Фото: Автосреда

Шукуржон Исломов тайёрлади.