Тошкентда 30 минг АҚШ доллари эвазига танишининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни кенг оммага тарқатмаслигини айтган шахс қамоққа олинди, дея хабар бермоқда ИИВ.
Қайд этилишича, 2021 йил 23 март куни ИИВга фуқаро Н.Б. ариза билан мурожаат қилиб, унда таниши А.С. Telegram ижтимоий тармоғи орқали унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни кенг оммага тарқатиш билан унга таҳдид қилиб, ушбу маълумотларни тарқатмаслик эвазига 30 000 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида А.С. Яккасарой туманидаги Муқимий кўчасида фуқаро Н.Б.дан 30 000 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан 2021 йил 23 март куни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, А.С. эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган.
Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Чирчиқда 4 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган кафедра мудири ушлангани, Хоразмда аёлнинг шахсий видеотасвирларини қариндошларига кўрсатиш билан қўрқитиб, ундан 1,5 минг доллар ва телефон талаб қилган йигит ушлангани ҳамда Сергелида 500 доллар эвазига автомашина ойналари тусини ўзгартириш учун рухсатнома олиб беришни ваъда қилган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)