Кўча рассоми Бэнксининг Game Changer номли композицияси Christie’s кимошди савдосида 16,758 миллион фунт-стерлингга сотилди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: Getty Images

Асарнинг эстимейти, яъни бошланғич нархи 2,5–3,5 миллионни ташкил қилган. Сотувдан тушган маблағларнинг ҳаммаси хайрия ташкилотлари ва касалхоналарга йўналтирилади.

CNN нашрининг хабар қилишича Game Changer Бэнкси асарлари орасида энг қиммат нархга баҳоланган суратга айланди. Бу борада аввалги рекорд 2019 йилда ўрнатилган, ўшанда рассомнинг Devolved Parliament («Топширилган Парламент») деб номланган асари Sotheby’s аукционида 9,9 миллион фунтга сотилганди.

Фото: Wikipedia

Бэнкси картинани 2020 йил май ойида коронавирус пандемияси сабаб эълон қилинган локдаун даврида чизган ва асарни Саутгемптон шаҳридаги шифохонага совға қилганди. Асар остига барча тиббиёт ходимларига миннатдорлик сўзлари ёзиб қўйилган. Тасвирий санъат намунаси кимошди савдосида сотувга қўйилгунига қадар бир неча ой давомида шифохона биносидаги деворда турган.

Аввал номаълум шахслар Бэнксининг Редингдаги қамоқхона деворга чизган граффитисининг бир қисмини ўзгартириб кетгани, Нью-Йоркда рассомнинг асари 95 минг долларга сотиб олиниб, криптовалютага айлантириш мақсадида ёқиб юборилгани, Англияда аксираётган кампир акс этган Бэнксининг янги граффитиси чизилгани ҳақида хабарлар берилганди.