IBM компанияси ўтган 2020 йил давомида 73,1 миллиард доллар даромад қилди, бу 2019 йилдагига нисбатан 5 фоизга кам (агар валюта курсининг ўзгариши ва бошқа омилларни ҳисобга олинса 4 фоиз). Шунга қарамай, Интернет ресурслари орқали олинадиган даромад ўсди ва 25,1 миллиард долларни ташкил этди. Бу 2019 йилга нисбатан 19 фоизга кўпдир.Йил давомида соф фойда 5,5 миллиард долларни ташкил этди ва 2019 йилга нисбатан 42 фоизга камайди. «Дарё» дунёдаги энг қиммат ва энг машҳур бренд компанияларнинг топ еттилигида бир неча ўн йилликлардан бери мустаҳкам турувчи IBM компаниясининг тарихига назар ташлайди.
IBM дунёдаги энг йирик компьютер ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Компания юз йилдан ошиқ вақт давомида мавжуд бўлиб, ушбу давр мобайнида технологик тараққиётнинг шаклланишида муҳим рол ўйнаб келди. Унинг ёрдами билан бизда магнит чизиқли карталар, қаттиқ дисклар ва шахсий компьютерлар мавжуд.
International Business Machines (IBM) компьютер ускуналарини етказиб берувчилар орасида дунёда етакчидир. Компания асосан компьютерларнинг кенг ассортиментини, ноутбукдан тортиб то тармоқ серверларига қадар ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, компания бутун дунёга дастурий таъминот (Microsoft’дан кейин 2-ўринда) ва ташқи қурилмаларни сотади. Даромадининг 35 фоизи компаниянинг ҳар доим ривожланиб бораётган ва дунёдаги энг катта ҳисобланган хизмат кўрсатиш бўлимидан олади. Компания сотувларининг қарийб 60 фоизини АҚШдан ташқарида амалга оширади. Компаниянинг жаҳон бозорида эгаллаган ўрнига қараб «Мовий гигант» деб ҳам аташади.
Компанияга асос солиниши
IBM’нинг келиб чиқиши биринчи электрон компьютерларнинг пайдо бўлишидан тахминан 100 йил олдин 1896 йилга тўғри келади. Таниқли муҳандис ва статистик мутахассис Герман Холлерит ҳисоб ва анализ қилувчи машиналарни ишлаб чиқариш бўйича компанияга асос солади. Компания ташкил қилинганида ТМC (Tabulating Machine Company) деб номланар эди. Бу компанияни ташкил этишга немис муҳожирларининг авлоди, ўзининг аждодлари билан очиқдан-очиқ фахрланадиган жаноб Холлеритни ўзининг ишлаб чиқаришидаги биринчи ҳисоблаш машиналарининг муваффақияти ундади.«Мовий гигант»нинг бобоси ихтиросининг моҳияти шундаки, у маълумотларни рақамлар билан кодлаш имконини берадиган электр калитни ишлаб чиқди. Бундай ҳолда, маълумот ташувчилар карталар бўлиб, улар тешиклари махсус тартибда тешилади ва ишга туширилгандан сўнг карталари механик равишда сараланиши мумкин эди. 1889 йилда Герман Холлерит томонидан патентланган ушбу ривожланиш шов-шувни келтириб чиқарди. Мазкур ихтиро 39 ёшли ихтирочига 1890 йилги аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўраётган АҚШ статистика вазирлигига ўзининг ноёб машиналарини етказиб бериш учун буюртма олиш имкониятини берди.
Муваффақият кўлами жуда катта эди. Тўпланган маълумотларни қайта ишлаш учун АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюросининг маълумотларни саралашга атиги бир йил вақт кетди. 1880 йилги аҳолини рўйхатга олиш ва маълумотларни саралаш саккиз йиллик иш вақтини банд этган эди. Айнан ўша пайтда ҳисоблаш механизмларининг бундай муаммоларни ҳал қилишдаги афзаллиги амалда намоён бўлди ва келажакдаги рақамли технологиянинг тақдирини олдиндан белгилаб берди.
Топилган маблағ ва ўрнатилган алоқалар жаноб Холлеритга 1896 йилда ТМC (Tabulating Machine Company) компаниясини яратишда ёрдам берди. Дастлаб компания тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришга уриниб кўрди, аммо 1900 йилги аҳолини рўйхатга олиш арафасида у АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси учун ҳисоблаш ва аналитик машиналарни ишлаб чиқариш учун қайта ишлаб чиқилди. Аммо орадан уч йил ўтгач давлат буюртмалари тўхтади ва Герман Холлерит ўз ишланмаларини тижорий мақсадларида қўллашга эътибор қаратди.
Гарчи компания тез ўсиш даврини бошдан кечираётган бўлса-да, унинг яратувчисининг соғлиғи тинимсиз равишда ёмонлашди. Бу уни 1911 йилда миллионер Чарльз Флинтнинг ТМC’ни сотиб олиш таклифини қабул қилишга ундади. Келишув 2,3 миллион долларга баҳоланди, шундан Холлерит 1,2 миллион доллар олди. Аслида бу келишув оддий акцияларни сотиб юбориш ҳақида эмас, балки ТМC нинг ITRC (International Time Recording Company) ва CСC (Computing Scale Corporation) компаниялари билан бирлашишини назарда тутарди. Натижада CТR (Computing Tabulating Recording) корпорацияси туғилди. У замонавий IBM’нинг дастлабки андозасига айланди. Агар Герман Холлеритни кўпчилик «Мовий гигант» нинг бобоси деб атаса, демак Чарльз Флинтни унинг отаси деб билади.
Жаноб Флинт, шубҳасиз, молиявий ижодкор бўлиб, кучли корпоратив бирлашмаларни тузиш қобилиятига эга эди. Ғайритабиий равишда Чарльз Флинтнинг ташкилотчилик қобилиятлари ҳукумат идораларида юқори баҳоланган ва у ҳар доим ўрнини оддий амалдорлар очиқ ҳаракат қила олмайдиган ёки уларнинг иши самарасиз бўлган жойда топар эди. Хусусан, у 1898 йилдаги Испания-Америка уруши пайтида дунё бўйлаб кемаларни сотиб олиш ва уларни ҳарбий кемаларга айлантириш бўйича махфий лойиҳада иштирок этган.
1911 йилда Чарльз Флинт томонидан яратилган CТR корпорацияси жуда кўп ноёб ускуналарни ишлаб чиқарди. Жумладан, вақтни кузатиш тизимлари, тарозилар, автоматик гўшт кесгичлар ва ҳоказо. Бу ихтиролар замирида ускуналарни автоматлаштириш ишлари ётади.
IBM номига ўтиш
CТR тарихидаги навбатдаги муҳим воқеа, исмнинг International Business Machines ёки IBM’га қисқартирилиши эди. Бу икки босқичда содир бўлди. Биринчидан, 1917 йилда компания ушбу бренд остида Канада бозорига чиқди. Афтидан, бу билан у энди ҳақиқий халқаро корпорация эканлигини таъкидламоқчи эди. 1924 йилда CТR корпорацияси Америкадаги бўлимини ҳам IBM сифатида номлай бошлади.Компьютерлар асри
Ўтган асрнинг иккинчи ярмининг бошлари замонавий дунё учун катта аҳамиятга эга эди. Бунга асосий сабаб биринчи рақамли компьютерлар пайдо бўла бошлагани эди. IBM уларни яратишда фаол иштирок этди. Америкада яратилган дастлабки дастурлаштириладиган компьютер Mark I (тўлиқ номи Aiken-IBM Autoматиc Sequence Controlled Calculator Mark I) эди. Диққатга сазовор томони шундаки, у биринчи ҳисоблаш машинасини ихтиро қилган Чарльз Беббижнинг ғояларига асосланган эди. IBM унинг ҳисоб-китобларидан фойдаланиб, уларни ўша даврдаги технологияларга ўтказди ва Mark I дунё юзини кўрди. У 1943 йилда қурилган ва бир йил ўтгач расман фойдаланишга топширилган. Mark’ларнинг тарихи узоқ давом этмади. Ҳаммаси бўлиб тўртта модификация чиқарилди ва улардан охиргиси – Mark IV 1952 йилда тақдим этилди.1950 йилларда IBM ҳукуматдан SAGE (Semi Automatic Ground Environment) тизими учун компьютерлар ишлаб чиқариш бўйича яна бир муҳим буйруқ олди. Бу душманнинг потенциал бомбардимончиларини кузатиб бориш ва ушлаш учун мўлжалланган ҳарбий тизим эди. Ушбу лойиҳа IBM’га Массачусетс Технология Институтидаги тадқиқотларга кириш ҳуқуқини берди. Кейинчалик бу тизим замонавий компьютерларнинг прототипи бўлиб хизмат қиладиган биринчи компьютерда ишлади.
IBM компанияси SAGE лойиҳаси учун 56 та компьютер яратди. Уларнинг ҳар бири 50 йилларнинг нархларида 30 миллион долларга тенг эди. Уларда компаниянинг 7000 ходими ишлаган, бу ўша пайтда компаниянинг барча ходимларининг 20 фоизини ташкил этган. Катта фойда билан бир қаторда, мовий гигант ҳарбий ишланмаларга кириш билан бир қаторда бебаҳо тажриба орттиришга муваффақ бўлди. Кейинчалик, буларнинг барчаси кейинги авлодларнинг компьютерларини яратишда қўлланилди.
Шахсий компьютерлар даври
1980 йилларга қадар IBM йирик буюртмалар бўйича жуда фаол эди. Улар бир неча марта ҳукумат томонидан, бир неча бор ҳарбийлар томонидан қилинган. У ўзининг асосий компьютерларини одатда таълим ва илмий муассасаларга, шунингдек йирик корпорацияларга етказиб берди.Мовий гигант ишланмаларига аҳолининг эҳтиёжи катта эди. Аммо жуда қимматлиги туфайли буни амалга ошириш мушкул эди. Бу ишни Apple компанияси амалга оширди ва ҳамма фойдалана оладиган шахсий компьютерни ўйлаб топди. Ушбу ғояни ўша даврнинг йирик IT гигант ишлаб чиқарувчиси Hewlett-Packard ҳам қўллаб-қувватламаган. Кейинчалик бундан жуда қаттиқ афсусланган.
1990 йилларнинг ўрталарида бошланган компаниянинг йўналиши ўзгариши ҳозирги ўн йил ичида энг юқори даражага етди. IBM энди консалтинг хизматларини кўрсатиш, уларни лицензиялаш учун янги технологияларни яратиш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқаришга эътиборини қаратишда давом этди. Қайта ташкил этишнинг якуний босқичи 2002-2004 йилларда бўлиб ўтди. 2002 йилда IBM Pricewaterhouse Coopers консалтинг компаниясини сотиб олди ва шу билан бирга қаттиқ диск бўлимини Hitachi’га сотди. Шундай қилиб, «мовий гигант» ўзи ярим аср олдин ихтиро қилган қаттиқ дискларни ишлаб чиқаришдан воз кечди.
IBM ҳали суперкомпьютерлар ва дастурлаш бизнесидан кетмоқчи эмас. Компания Топ 50 рейтингида биринчи ўринлар учун курашни давом эттиради ва буни жуда юқори муваффақият билан амалга оширмоқда. IBM тарихи – бу бутун компьютер саноатининг тарихи. Кўп одамлар ҳали ҳам «компьютер» сўзини IBM сўзи билан боғлашади. Шунингдек, компаниянинг юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ходимларни рағбатлантириш ва глобал миқёсда бутунлай янги бозорни ривожлантириш соҳасидаги салмоқли ишларини унутмаслигимиз керак.
Абдулазиз Акрамов тайёрлади.
Изоҳ (0)