Ўзбекистон чегарасини ўтган икки ой ичида 378,4 мингдан ортиқ йўловчи кесиб ўтган бўлиб, уларнинг 173 нафарида коронавирус аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролардан COVID-19 га экспресс-тест олиш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар ечимларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда маълум қилинишича, 2020 йилнинг 25 декабридан 2021 йилнинг 2 мартига қадар халқаро аэропортлар орқали 708 та самолёт, темир йўллар орқали 8 та поезд ва автомобиль йўллари орқали 70 340 та автотранспортлар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган.

«Ушбу кириб келган транспортлар ёрдам 378 454 нафар йўловчи тиббий санитария кўригидан ўтказилган бўлса, улардан 131 874 нафари чет эл фуқароларидир. Кириб келган 325 303 нафар йўловчи автотранспорт ва ҳайдовчиларни коронавирус инфекциясига намуна олинган бўлиб улардан 173 нафарида экспресс усулида мусбат натижа аниқланган. Жумладан, авиайўловчилар орасида 72 нафарда, автомобиль йўллари орқали келган йўловчи ва халқаро юк ташувчилар орасида 101 нафарида мусбат натижа қайд этилган», — дейди Ботир Қурбонов.

Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон аэропортларида коронавирусга қарши ўтказилаётган экспресс-тестлар жараёни борасида кўплаб шикоятлар келиб тушаётганини маълум қилиб, арзон ва сифатли коронавирусга антиген экспресс-тест текширувларини ташкил этиш мақсадида Республика махсус комиссияси томонидан танлов асосида, жамоатчиликка эълон берган ҳолда лабораторияларни қайта жалб этиш чоралари кўрилишини билдирганди.

Танлов шартларига кўра, битта экспресс-тест 100 минг сўмгача, талабалар учун эса 50 сўмгача бўлиши кутилмоқда.