Бундан 145 йил олдин, 1876 йил 3 март (ҳозирда амалда бўлган йил ҳисоби бўйича) куни Ўрта Осиё хонликлари орасида ҳудуди жиҳатидан энг каттаси бўлган Қўқон хонлиги Россия империяси қўшинлари томонидан тўлиқ тор-мор этилди ва империя таркибига қўшиб юборилди. «Дарё» сана муносабати билан Қўқон хонлигининг тугатилиши тарихига назар ташлайди.
Геосиёсатда «Катта ўйин» концепцияси номини олган Буюк Британия ва Россия империясининг Ўрта Осиёни эгаллашга қаратилган рақобатида турли факторлар сабаб устун бўлган Россия ўлкамиздаги хонликларни бирин-кетин мағлуб этди.
Рус императори Александр II томонидан ташкил этилган юришлар Ўрта Осиёни тўлиқ эгаллаб, Афғонистон, ундан эса Ҳиндистонга қаратилган эди. Буюк Британиянинг Ҳиндистонни босиб олиши, императорнинг ташқи сиёсатда фаоллик кўрсатишига қандайдир маънода туртки ҳам берди.
Россия империяси ва Қўқон хонлиги ўртасидаги икки томонлама алоқалар анча мураккаб тарихга эга. XVI асрдан кейин Россия чегараларининг жанубга томон сурилиб бориши,1740 йилларда қозоқ жузларининг рус императорига содиқлик қасамини ичиши икки давлат ўртасидаги чегараларни янада яқинлаштирди. Бу эса ўз навбатида Қўқон хонларини ташвишга солди.XIX асрнинг 30 йилларида Ўрта жуз қозоқлари билан бўлган воқеалар муносабати билан Россия агрессив сиёсатини янада кучайтирди.
Оқмасжиднинг эгалланиши
Оренбург ҳарбий губернатори Обручев Россия фуқаролари ҳисобланган қозоқларни ҳимоя қилиш мақсадида 1847 йилда Сирдарёнинг қуйи оқимига яқин жойда Раим истеҳкомини қурди ва Оқмасжид қалъасини эгаллашни таклиф қилди. Аслида бу истеҳком келгусидаги ҳарбий юришларда таянч вазифасини бажариши лозим эди. Ана шундай истеҳкомлардан яна бири Еттисув Олатоғида қурилган Копал истеҳкоми эди.Оренбургнинг янги губернатори Перовский 1852 йилда ташаббус кўрсатиб, полковник Бларамбергни 500 кишилик отряд билан Қўқон хонлигига ҳужум уюштириш учун юборди. Отряд хонликнинг икки қалъаси Кумушқўрғон ва Чимқўрғонни вайрон қилди, лекин Оқмасжидда муваффақиятсизликка учраб, ортга қайтди. Ушбу қалъа 1817 йилда Амир Умархон буйруғи билан қурилган чегара истеҳкоми бўлиб, хонлик учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган.
1853 йилда Перовский шахсан ўзи бошчилигида Оқмасжидга «экспедиция» уюштирди. Қалъада 3 та тўп билан қуролланган 300 нафар сарбозлар кучларнинг нотенглиги, Чимкентдан келиши керак бўлган ёрдамнинг келмагани оқибатида 22 кунлик қамалдан сўнг, 27 июль куни Оқмасжид қалъасини бой берди. Тез орада Оқмасжид номи Форт-Перовскийга ўзгартирилди ва кейинги юришлар учун таянч сифатида фойдаланилди.
Бу аста-секин Оренбург ва Ғарбий Сибир, кейинроқ Сирдарё чегара чизиқлари шаклланишига олиб келди. Россия империясининг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ушбу чегара чизиқларини бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу Ўрта Осиёга узил-кесил ҳарбий юришларнинг бошланишини англатар эди. 1860 йилларнинг бошларига келиб ушбу йўналишларнинг чекка нуқталари бўлмиш Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги Янгиқўрғон қишлоғи ва Пишпак қалъаси (ҳозирги Бишкек шаҳри) аллақачон Россия давлатининг таркибига кирган эди.
Тошкентнинг эгалланиши
Россия империясининг кейинги нишони Қўқон хонлигининг энг катта шаҳарларидан бири, савдо маркази бўлган Тошкент шаҳри эди. Рус ҳарбийлари Тошкент стратегик нуқтаи назардан жуда қулай эканини, бу ерни босиб олиш билан, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигига келгусидаги юришлар учун плацдарм ҳосил қилиш мумкин эканини жуда яхши англаганлар.1864 йилда, бири Оренбургдан, иккинчиси Ғарбий Сибирдан бўлган иккита отряд бир-бирига қараб йўлга чиқди. Ғарбий Сибир отряди полковник Черняев бошчилигидаги 2500 киши Верний (Олмаота) дан жўнаб кетиб, 1864 йил 5 июнь куни Авлиёота қалъасини штурм билан эгаллаб олди. 1200 кишидан иборат Оренбург отряди эса полковник Верёвкин бошчилигида Перовский-Фортидан Туркистон шаҳрига юрди ва 12 июнь куни эгаллади. Черняев Авлиётада гарнизонни қолдириб, 1298 кишилик отряд билан, Чимкент томон ҳаракатланди ва 23-сентябр куни шаҳарни штурм билан эгаллади. Энди Ўрта Осиёнинг энг йирик савдо маркази Тошкент учун йўл очиқ эди. Чимкентдаги ғалабадан кейин, Черняев Тошкентни эгаллашга шошилди. Бироқ ҳужум жуда муваффақиятсиз тугади, у ортга қайтишга мажбур бўлди.
1865 йилда янги босиб олинган ҳамда собиқ Сирдарё чизиғи ҳудудлари қўшилиши билан Туркистон вилояти ташкил топди, унинг ҳарбий губернатори этиб Черняев тайинланди. Черняев 29 апрель куни Бухоро амири Тошкентни эгаллаб олмоқчи деган миш-мишлар ортидан Тошкентга кирувчи сувларни назорат қилиш имконини берувчи кичик Ниёзбек қўрғонини эгаллади. У 1951 кишилик отряд ҳамда 12 та тўп билан Тошкентдан 8 верст масофада қароргоҳ қурди. Бу вақтда Тошкентда Қўқон хонлиги бош қўмондони Амирлашкар Алимқул 50 та тўп ва 30 мингта сарбоз билан ҳимояни ташкил этганди. 9 май куни шаҳар учун аёвсиз жанглар бошланди. Дастлаб қўқонликлар қўшининг қўли баланд кела бошлади, бироқ Амирлашкар Алимқул дайди ўқдан оғир яраланди ва вафот этди. Унинг ўлими Тошкент мудофаасида нохуш бурилиш ясади: шаҳар ичида сиёсий гуруҳларнинг кураши кескинлашди ва бу қалъа деворларидаги ҳимояни сустлаштирди. Черняев бундан фойдаланишга қарор қилди ва уч кунлик штурмдан сўнг (15-17 май) Тошкентни эгаллаб олди. Қўқонликлар катта талафот кўрдилар, рус қўшини ҳам Тошкентгача бундай йўқотишга учрамаганди: 25 киши ҳалок бўлди ва 117 киши яраланди. 1866 йилда Эржар яқинидаги жангдан сўнг Хўжанд ҳам эгалланди. Тошкентнинг эгалланиши Қўқон ва Бухорони бир биридан ажратиб қўйган бўлса, Амирлашкар Алимқулнинг вафоти Қўқон хонлиги мудофаасини ташкил этиши мумкин бўлган, яхшигина ҳарбий билимларга эга қўмондондан маҳрум қилди. Бундан кейинги воқеаларда қўшинларнинг бошини бирлаштирадиган ана шундай қўмондоннинг йўқлиги ҳам панд берди.
Россия қарамлигига тушиш
Тошкентдаги мағлубият, Бухоронинг қарамликка солиниши ўзи шундоқ ҳам қўрқоқ феъл-атворга эга Худоёрхонга катта зарба бўлди. У энди Россия билан яқинлашиш йўлини қидира бошлайди. 1868 йилда генерал-адютант фон Кауфман томонидан унга таклиф қилинган савдо шартномаси Худоёрхон учун айни муддао бўлди. Шартномани қабул қилиш орқали ўзини Рус императорига хайрихоҳ эканини кўрсатди. Шарномага кўра, ҳар икки давлат савдогарлари икки давлат чегараларида эркин ҳаракатланиши мумкин бўлди. Савдо агентликларини сақлаш (карвон -баши), божлар товар қийматининг 2,5 % дан кўп бўлмаган миқдорда олиниши белгиланди. Бу Россия товарлари учун Қўқон бозорлари «эшик» ларини катта қилиб очиб берди. 1868 йилда тузилган тижорат шартномаси аслида Қўқонни Россияга қарам давлатга айлантирди.Худоёрхон ва Россия босқинига қарши қўзғалонлар
Бир томондан Туркистон генерал-губернаторлигининг тузилиши ва унинг босимининг кучайиши, ички низолар, сиёсий курашлар ва бошбошдоқликнинг авж олиши, иккинчи томондан тинкани қуритувчи солиқлар ва мажбуриятлар хонлик аҳолисини оғир аҳволга солиб қўйди. Худоярхон бир неча йил давомида итоаткорлик билан Туркистон ҳокимиятининг иродасини бажардиКауфман 1871 йилда Санкт-Петербургга юборган хабарномасида Худоёрхон «Россия билан адоват ёки унга қарши туриш каби ҳар қандай фикрдан» воз кечгани ҳақида ишонч билан фикр билдирди. Хонни, ҳаттоки, I даражали Муқаддас Станислав ордени бриллиант белгиси билан тақдирлашади. Сирдарёнинг ўнг қирғоғида, унинг ўрта ва қуйи оқимларида, шунингдек, Тошкент, Авлиёота, Пишпак ва бошқа шаҳарларда Россия ҳукуматининг ўрнатилиши хон хазинасига солиқ тушумларини кескин камайтирди. Солиқ тушумларини камайиб кетмаслиги учун ҳудудлар аҳолисидан олинадиган солиқлар миқдори ва турларини кўпайтириш ҳисобига қоплашга ҳаракат қилдилар ва аҳолини турмушини бутунлай вайрон қилдилар. Манбаларда келтирилишича, ҳатто камбағаллар келтириб сотадиган қамиш, шоҳ-шабба, янтоқ ва бошқалардан ҳам солиқлар ундирилган. Бундан ташқари, иш ҳақи ололмаган сарбозлар ҳам аҳолини шунчаки талон-тарож қилардилар.
Зулмдан тўйган халқ 1873-1874 йил баҳорида Қўқон хонлигида бир неча бор қўзғалонлар кўтарди (Андижонда Маъмир Мерган, Чотқолда Маъмун Шоумрзоқ), аммо хон уларни бостиришга эришди. Тарихда Пўлатхон қўзғолони деб ном олган бу халқ ҳаракатига Асли исми Мулла Исхоқ Мулла Ҳасан ўғли бўлган, ўзини Пўлатхон деб эълон қилган шахс бошчилик қилади. Қўқонлик амалдорлар Худоёрхонга қарши чиқиши учун 1872 йилда Самарқандга бориб Қўқон ҳукмдори бўлган Олимбекнинг набираси Пўлатхон олдига борадилар, бироқ Пўлатхон сиёсий курашларга умуман аралашмаслигини билдиради. Бу амалдорлар билан яқин алоқада бўлган Мулла Исхоқ Мулла Ҳасан ўғли Пўлатхон номи билан Худоёрхонга қарши чиқишга аҳд қилади. Қўзғалончилар Наманганга жойлашадилар, бироқ Абдураҳмон Офтобачи бошлиқ хонлик қўшинлари қўзғолончиларни мағлуб этиб, қувиб юборадилар. 1875 йил баҳорида энди Худоёрхонга қарши, ҳатто, Қўқон зодагонлари ҳам бош кўтаради. Шу йили Пўлатбек томонидан Ўзганда кўтарилган қўзғолонни бостириш учун борган 4000 минг кишилик хонлик қўшини қўзғалончилар томонига ўтиб кетади. 1875 йил 15 июлда Россия элчиси Вайнберг Қошғарга саёҳат қилган Скобелев ва 22 казаклардан иборат карвон ҳамроҳлигида Қўқонга келади. 17 июлда исёнчиларга юборилган қўшин қўзғолончилар билан бирлашгани ҳақида хабар келади. Уларнинг бошида бир пайтлар хонликда энг қудратли шахс бўлган Мусулмонқулнинг ўғли Абдураҳмон Офтобачи, мулла Исо Авлиё ва хоннинг укаси, Марғилон ҳукмдори Султон Муродбек турган эди. Шунингдек, тахт вориси, Андижон ҳокими Насриддинхон ҳам 5000 кишилик сарбозлари билан қўзғалончилар сафига ўтади.
Ўш ва Наманган шаҳарлари улар учун эшикларини очади. 20 июль куни исёнчилар Марғилонга (Қўқондан атиги 77 км узоқликда) жангсиз киришгани маълум бўлди. Мулла Исо Авлиё халқни руслар ва уларнинг шерикларига қарши ғазотга (муқаддас уруш) чорлайди. Вайнберг зудлик билан генерал Головачевга ёрдам сўраб хат юборади.
Эндиликда Худоёрхоннинг Россия кучларидан ёрдам сўршдан бошқа йўли йўқ эди. У фон Кауфманга ёрдам сўраб мурожаат қилади: «Шу кунлардаги оғир ва бахтсиз пайтларда, менинг Мулла Исо Авлиё, Абдураҳмон парвоначи, Холназар парвоначи сингари энг ишончли кишиларим қўшин билан душманларим – қирғиз қўзғалончиларига қўшилдилар ҳамда менга қарши урушмоқчилар.
Мен ҳамма вақт сиз, олий ҳазратларидан дўстлик ва ёрдам кутиб турганлигим боисидан, бу гал ҳам мени эътибордан четда қолдирмагайсиз. Шахсан ўзимни ва Қўқон хонлигини Улуғ имератор ихтиёрига топшираман ҳамда қўшинни тўплар билан биргаликда, имкони борича тезроқ Қўқон шаҳрига юборишингизни сўрайман», - дейилади хатда.
22 июлга ўтар кечаси қўзғалончилар Қўқонга яқинлашдилар. Хон қўшинининг ярми дарҳол Худоёрхоннинг иккинчи ўғли – Олимбек билан бирга уларнинг ёнига ўтдилар. Эрталаб шаҳар аҳолиси орасида нотинчлик бошланди. Худоёрхон Россия ҳукумати ҳимояси остида паноҳ топишга қарор қилиб, 68 та тўп ва хазиналар ортилган карвон билан 8000 кишилик қўшин бошида Хожандга борадиган йўл бўйлаб ҳаракатланди. Россия элчихонаси вакиллари Вайнберг, Скобелев, оз сонли ҳарбийлар ва савдогарлар хон билан бирга борди. Қўқондан олти километр нарида хон қўзғолончиларга қарши жанг қилиш учун тўхтади, аммо унинг бутун қўшини бошқалардан ўрнак олиб, душман томонига ўтиб кетди. Фақат 500 га яқин аскар ва Россия элчихонаси вакиллари у билан қолди. Исёнчилар уларнинг ортидан қувиб бордилар, Худоёрхон 24 июль куни Хўжандга етиб келди.
Худоёрхон қочиб кетгач, қўзғалон бутун хонликни қамраб олди. Насриддинбек ҳукмдор деб эълон қилинди. Ўлкадаги Россия маъмурияти Худоёрхоннинг қочиб кетиши ортидан вужудга келган оғир вазиятдан фойдаланишга қарор қилади. Вернийда бўлган Кауфман 1875 йил 27 июлда Худоёрхонни Тошкентга жўнатишни телеграф орқали буюрди. 5 ва 6 август кунлари 10 мингдан ортиқ кишидан иборат Қўқон армияси тоғлардан тушиб Оҳангарон дарёсидаги бир нечта қишлоқларни эгаллаб олди. Қўқонликларнинг отрядларидан бири Тошкент ва Хўжанд оралиғидаги почта бекатларини ёқиб юборди. Ҳужумлар вақтида Пскент бекатида бўлган собиқ хон ўлимдан қутулиб қолади.
Қўқон қўшинлари руслар томонидан босиб олинган Тошкент ва Хўжанд чегараларига бостириб кириб, душманга зарба беришга уринган. Головачёв отряди Оҳангарон водийсидаги Облиқ-Тилов атрофларида қўқонликларга зарба бериб, ғалабага эришади.
18 август куни Кауфман қўшин билан Хўжандга боради. Бундан олдинроқ полковник Ефимович 200 казак артиллерия дивизиони билан Самарқанддан келади.
Кауфман Қўқон хонлигига қарши курашиш мақсадида барча ҳарбий кучларни Хўжандга йиға бошлайди. Бунинг натижасида, бу ерда 16 рота пиёда аскар, шу жумладан, битта сапёр ротаси, 20 та тўп, 900 отлиқ солдат ва 8 та ракета станоклари жамланган эди.
1875 йил 20 августда Кауфман ўша қўшин билан Хўжанддан чиқиб Қўқон йўли бўйлаб юрди, 40 чақирим йўл босгандан кейин Маҳрам истеҳкомига келиб, уни босиб олишга киришди. Бу қалъада Абдураҳмон Офтобачи бошлиқ қўқонликларнинг 50 минглик қўшини кутиб турарди. 1875 йил 22 августда шахсан Кауфман қўмондонлигида қўшин Маҳрамнинг орқа томонидан ҳужум бошлади. Тинимсиз тўпга тутилгач, Маҳрам дарвозаси бузилиб, қалъа эгалланди. Қалъа ҳимоячилари дарё томонга чекинди, лекин уларнинг жуда кўпчилиги ҳалок бўлди. Маҳрамдаги мағлубият хонлик тақдирини узил-кесил ҳал қилган омиллардан бири ҳисобланади.
26 августда Кауфманнинг отряди Қўқонга етиб келади. Насриддинхон тинчлик сўраб, уни кутиб олиш учун чиқади. 30 август куни Марғилон ҳукмдори Муродбекдан узрнома келади. Ўз иттифоқчиларидан маҳрум бўлган Абдураҳмон Офтобачи орқага чекинди. Уни таъқиб қилиб, Мингтепа қишлоғи яқинида Абдураҳмон Офтобачи қўшинларининг орқа қўриқчисини мағлуб этди. 10 сентябрь куни аскарлар ва казаклар Ўш шаҳрига кириб келди. Бу воқеалардан сўнг Офтобачининг тарафдорлари тарқалиб кетди ва атиги 400 аскар билан Андижон ва Ўзган ўртаси томон юрди.
1875 йил 29 августда Кауфман катта қўшин билан Қўқон шаҳрига келганда Насриддинхон бошлиқ нуфузли кишилар «халқ номидан туз ва нонни қабул қилишни ҳамда ҳукмдор императордан халққа раҳм-шафқат» сўраганлар. Кауфман бу сўровни мамнуният билан инобатга олди ва Қўқон шаҳрини урушсиз эгаллагани тўғрисида императорга телеграмма жўнатди. Кауфман 1875 йил 5-сентябрда Марғилонга қараб юрди. Бундан хабар топган Абдураҳмон Офтобачи Марғилонни ташлаб кетди. Кауфман полковник Скобелев бошчилигидаги отрядни Абдураҳмон Офтобачининг орқасидан жўнатди, улар Мингтепага яқинлашганда Абдураҳмон Офтобачи бошлиқ қўзғолончиларнинг тарқалиб кетгани ва тоғларга қочгани маълум бўлди.
23 сентябрда фон Кауфман Насриддинхон билан Қўқонни асоратга солувчи тинчлик шартномаси имзоланишига эришди. Унда хоннинг Россиядан бошқа ҳар қандай куч билан тўғридан-тўғри дипломатик шартномалар тузишдан бош тортиши кўзда тутилган эди. Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги Наманган беклигига қараган ерлар Наманган департаменти номи билан Туркистон генерал губернаторлиги таркибига киритилди. М.Д. Скобелев ушбу бўлим бошлиғи бўлди.
25 сентябрда рус қўшинлари Сирдарёдан ўтиб Наманганни эгаллади. Бу вақтда хонликнинг шарқий қисмидаги ҳимоячилар яна бош кўтарди. Офтобачининг таклифига биноан қирғизлардан бўлган Пўлатбек Андижоннинг Бўтақора қишлоғида хон деб эълон қилинди. Андижон шаҳри қўзғалончилар ҳарбий марказига айланди. Бироқ Пўлатхон рус қўшинларига қарши тура олмади. Октябрь ойи бошларида генерал майор В. Н. Троцкий бошчилигидаги 8 та тўп, 4 та ракета станоги билан қуролланган 1400 кишилик қўшин уларни мағлубиятга учратди. Шаҳар икки кун тўхтовсиз тўпга тутилган, аммо қаршилик тўхтамаган. Рус қўшинлари Андижонни эгаллай олмади. Айрим маълумотларга қараганда, Андижонда шахсан Скобелев бошчилигида 20 минг киши ўлдирилган.
Қўқонда яна янги тартибсизлик бошланди. Абдураҳмон Офтобачи томонидан қўзғатилган аҳоли хоннинг саройига ҳужум қилди. Насриддинхон ҳам отаси каби рус қўшинлари ҳимояси остида қочиб кетди.
Бу орада Сирдарёнинг ўнг қирғоғида Наманганнинг собиқ ҳокими Ботир Тўрабек ҳам атрофига одам тўплаб, босқинчиларга қарши бош кўтарди. 1875 йил 16 октябрда Кауфман буйруғи билан Наманганга генерал Скобелев бошчилигида 14 рота, 500 казак, 4 ракета станоги ва 16 тўпдан иборат янги ҳарбий кучлар юборилди. У 1875 йил 23 октябрда Тўрақўрғон қўзғолончиларини енгиб, кўп одамларни ўлдирди.
Наманганда босқинчиларга қарши кайфият кучайиб, барча аҳоли қочиб келган Ботир Тўра тарафига ўтган. Наманган эгалланиб, рус гарнизони қўрғонда яшириниб, зўрға ҳужумни қайтаради. Бундан хабар топган Чустдаги Скобелев шошилинч равишда қайтиб, 26 октябрда Наманганга келиб, эртаси куни ватан ҳимоячиларига қарши ҳужум бошлади ва шаҳарнинг бир қисмини остин-устин этди.
1875 йил ноябрининг охирида эса Пўлатхон Асакадан чиқиб, Марғилонга ўрнашди. Бироқ бу ерда кўп кишини ўлдиргани сабабли мавқеи анча пасайиб кетди. Пўлатхон унинг хонлик мақомининг қалбакилигидан норози бўлган гуруҳларни шафқатсизларча жазолаган, ўз сафдошларини ҳам ўлдиртирган. Пўлатхон Қўқон хонлигининг шарқий қисмида жойлашиб, босқинчилар билан бўладиган урушга тайёргарлик кўриб борди. Ўз навбатида, Наманган бўлими бошлиғи ва қўлга киритган қатор ғалабалари учун генерал унвонини олган Скобелев ҳам бўлажак жангга ҳозирликни жадаллаштирди.
1875 йил 25 декабрда генерал Скобелев Наманганда бир қисм қўшинларини қолдириб, Андижонга йўл олди. У Норин дарёси орқали Пойтуғгача борди. Генерал Скобелев Қорадарёни кечиб ўтиб, 1876 йил 3 январда ўзининг барча ҳарбий қисмларини Андижондан 5 чақирим масофадаги Мирравот деган ерга жойлаштирди. Бу вақтда Андижонда Абдураҳмон офтобачи бошчилигида 20 минг қуролланган халқ лашкари, 5000 сарбоз ва бир қанча отлиқ тўпланганди.
Генерал Скобелев 4-7 январь кунлари Андижон шаҳрини ўрганиб чиқиб, отрядини Оқчақмоқ тепалигига жойлаштирди. 8 январда бошланган ҳужум оқибатида, шаҳар маркази эгалланди. Ҳимоячиларнинг катта қисми Асакага қочди. Қўшин 9 январда қаршиликка учрамади, лекин халқ бўйсунганини изҳор этмагани учун шаҳар эрталабгача тўплардан ўққа тутилди. 11 январь куни шаҳар вакиллари келиб, таслим бўлганликларини маълум қилдилар.
1876 йилнинг 18 январдан Асака ҳам тўплардан ўққа тутилди. Ҳимоячилар Марғилон йўлида яна қаттиқ ҳужумга учради.
Қўқон хонлиги мустақиллигининг тугаши
Фарғона водийсида урушлар авжига чиққан 1876-йил январь ойида Кауфман Санкт-Петербургга келди ва ташқи ишлар вазирлигини четлаб ўтиб, Қўқон хонлигининг тўлиқ йўқ қилишга император Александр II дан рухсат олди. У тезликда Тошкентга телеграмма юбориб, Скобелевга Қўқонни бутунлай босиб олишга тайёргарликни бошлашни буюрди. 24 январь куни Марғилон йўлидаги мағлубиятдан сўнг бир қанча қўзғалончилар раҳбарлари қаторида Абдураҳмон Офтобачи ҳам таслим бўлди.Бу вақтда Марғилонда Пўлатхон қўл остида кўпминг сонли ватан ҳимоячилари тўпланган эди. Бироқ у рус қўшинининг келаётганини эшитиб, 5000 отлиқ ва қисман пиёда аскарлар ҳамда 5 тўп ва 200 туяга ортилган юклар билан Учқўрғонга кетди. Рус қўшини Пўлатхоннинг изи билан юриб, 1876 йилнинг 28 январида Учқўрғонни қуршаб олди. Қуршовдан қочган Пўлатхон аввал Олой водийсидаги Дараутқўрғон деган жойга келади, бу ерда Қоратегин ҳокими ҳужумига учраб, Чавайга қочади ва у ерда қўлга олиниб рус ҳукумати вакилларига топширилади.
Энди хонликнинг пойтахти олиниши мумкин эди. 1876 йил 5 февралда Кауфманнинг Қўқон хонлигини Россия империясига қўшиб олиш ва Қўқон шаҳрини эгаллаш ҳақида юборган телеграммасига асосан Хўжанд, Андижон ва Тошкентдан ҳарбий қисмлар Наманганга жўнатилади. Генерал Скобелев қўшин билан Намангандан чиқиб, 8 февралда шаҳарга киради ва осонлик билан эгаллайди.
1876 йилнинг 19 февралида ҳозирги ҳисоб бўйича 3 март куни Қўқон хонлиги расман давлат сифатида тугатилиб, Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида Фарғона вилояти ташкил этилди. Ушбу сана Россия имприясида 1918 йил 26 январга қадар амалда бўлган Юлиан календари бўйича ҳисобланган бўлиб, ҳозир дунёда қабул қилинган Григориан календари бўйича бу сана 1876 йил 3 мартга тўғри келади.
Россия империяси Қўқон хонлигини босиб олиш учун 3 йил сарфлади, 1873-1876 йиллар давомида қаттиқ қаршиликка учради. Бироқ кучлар тенг эмас эди. Кучли ҳарбий техника, ҳарбий таълим кўрган рус аскарлари хонлик ва қўзғалончилар қўшинлари билан жангларда катта устунлик берган. Бу жангга кирган рус ва маҳаллий қўшинлар сони, кўрилган талафотларга эътибор берилса, яққол намоён бўлади. Бундан ташқари ўзи ҳар жиҳатдан рус ҳарбий қўшинларидан кучсиз бўлган қўшинларнинг тарқоқ ҳаракат қилиши, хонларнинг мудофаани ташкил эта олмагани, дунё илм-фанидан бехабарлик, қолоқлик ҳам мағлубиятни тезлаштирди.
Шарофиддин Ҳошимжонов тайёрлади.
Изоҳ: Мақоланинг дастлабки таҳрири охирги икки хатбошисида «1873—1876 йиллар» деб кўрсатилиши керак бўлган ўринлар хатолик сабаб «1973—1976 йиллар» кўринишида ёзилган эди. Ушбу хатолик муштарийлар ёрдамида тузатилди. Хатолик учун узр сўраймиз.
Изоҳ (0)