Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди қотиллик содир этишга уринган шахсни беш йилга озодликдан маҳрум этди, деб хабар беради STV телеканали.

Суд раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, эркак қўшниси билан орани очиқ қилиб олиш учун қотил ёллаган, аммо «киллер» буюртмани бажариш ўрнига ИИБга мурожаат қилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик доирасида ўтказилган тадбирда қўшнининг ўлими саҳнаси ижро этилган ва «марҳум»нинг сурати «киллер» томонидан жиноят буюртмачисига тақдим этилган. Эркак содир этилган қотиллик учун пулни бераётганида ушланган.

Аниқланишича, қўшнилар ўртасидаги келишмовчилик 2017 йилнинг августида маиший тортишув натижасида юзага келган. Бунинг оқибатида улардан бирига нисбатан Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Маълум бўлишича, тадбиркор қўшни шу вақтга қадар қўшнисига бўлган нафратини сақлаб келган.

Аввалроқ Сурхондарёда опа-укалар келини ва унинг онасини ўлдириш учун 3 миллион сўмга қотил ёллагани тўғрисида хабар берилганди.