Наманган шаҳрининг «Бунёдкор» маҳалласида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг вақтинчалик уйи деярли тайёр бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

3 сотих майдонни эгаллаган уй маҳалла профилактика инспекторининг хизмат уйи қаршисида жойлашди. Бу ерда 12 метрли контейнер ва фуқаролар қабули учун мўлжалланган ихчам шийпон ўрнатилган.

Фото: «Дарё»

Вилоят ҳокимлиги саноат ва қурилиш масалалари котибияти мудири Жобир Абдуллаевнинг таъкидлашича, уй йиғма бетон девор билан ўралган, контейнер эса енгил конструкцияли бўлиб, исталган пайт бошқа ҳудудга кўчирилиши мумкин.

Фото: «Дарё»

Ҳозирда вилоят ҳокими ҳар куни «Бунёдкор» маҳалласида бўлиб, хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан мулоқотда бўлмоқда. Шунингдек, бу ерга нафақат маҳалла аҳли, балки бошқа ҳудудлардан ҳам фуқаролар келиб, вилоят раҳбарига бевосита мурожаатларини етказмоқда.

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов 2021 йил 20 февраль куни «Бунёдкор» маҳалласи аҳолиси билан учрашувида бугундан бошлаб шу ерда яшашини маълум қилганди.

«Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнатилади ва унга ‘вилоят ҳокимининг уйи’ деб ёзиб қўйилади. Бу ердаги ҳолатни ўнглаб, кейин бошқа ҳолати оғир ҳудудга ўтамиз», — деган эди ўшанда Шавкат Абдураззоқов.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида «Бунёдкор» маҳалласида бўлган ва ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган ҳудуддаги аҳвол учун шаҳар ҳокими ва прокурорига танбеҳ берганди.