Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқларни камроқ тўлаш мақсадида пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи 396 та корхонадан иборат шубҳали контрагентлар реестри тузилган, шунингдек, «нақдлаштирувчи корхоналар» хизматларидан фойдаланган 10 мингга яқин ташкилотлар рўйхати шакллантирилган эди. Қўмитанинг маълум қилишича, фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Таъкидланишича, 20 февраль ҳолатига кўра, республика бўйича жами 2358 та корхонада 528,5 миллиард сўмлик асоссиз ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланган.

Натижада:

  • 2216 та, яъни 94 фоиз корхонада (492,8 миллиард сўм) сохта операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланган;
  • 57 та, яъни 2,4 фоиз (8,1 миллиард сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисобга олиш факти қисман тасдиқланган;
  • 85 та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 3,6 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 27,6 миллиард сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисобга олганлиги ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилган. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланган.
Шунингдек, 118 та корхона томонидан ҚҚС суммасини тўғри ҳисобга олиш билан боғлиқ йўл қўйилган бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан 5,3 миллиард сўмлик солиқлар қўшимча ҳисобланган.Эслатиб ўтамиз, қўмита солиқ тўловчилар учун 18 февралдан бошлаб қўмитада ҳам, барча солиқ идораларида ҳам фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳларини тузди. «Нақдлаштирувчи корхоналар» билан молиявий операцияларни амалга оширган тадбиркорлар камерал текширув ўтказиш бўйича мурожаат қилишлари мумкин.

Қўмита натижалар тўғрисида ижтимоий тармоқлар орқали ҳар куни ҳисобот бермоқда. Хусусан, 17 февраль куни 17 та корхонада ўтказилган солиқ назорати тадбирларининг дастлабки натижаларига кўра, 16 та корхона ёки 94,1 фоиз ҳолларда сохта операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланган. 18 февраль куни эса 14 та ҳолатдан 12 таси тасдиқланган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар