23—26 февраль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи орқали Россиянинг (Москва вилояти) Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Фото: «Дарё»

23 февралда республика бўйлаб ёмғир ёғади, 24 февраль куни эса ёғингарчилик бўлади — тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда кучли ёмғир ҳамда қор ёғади.

Ҳаво ҳарорати 24 февралда кечаси ва кундузи Цельсий бўйича 2—7 даража илиқ, 25—26 февраль кунлари ҳарорат кечалари минус 7—12 даражада совуқ бўлади, кундуз кунлари эса минус 2—7 даражага тушиб кетади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида 23 февраль куни ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, 24 февраль куни эса ёғингарчилик кутилмайди. 24—25 февраль кунлари Қорақалпоғистонда ҳарорат кечаси минус 17—22 даражагача совийди, кундузи эса, минус 10—15 даражада совуқни ташкил этади. Хоразм вилоятида кечалари ҳаво ҳарорати минус 12—17 даражага, кундузи эса минус 5—10 даражада совиб кетади.

23—25 февралда баъзи жойларда шамол 17—22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, айрим ҳолларда эса 25—28 метр/секундгача кучайиши мумкин.