Франция ҳукумати Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 миллион евро маблағ ажратишни маъқуллади, деб хабар бермоқда Инвестиция ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: «Дарё»

20 февраль куни бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Франциянинг SUEZ компанияси катта ижрочи вице-президенти Эрик Гебали бошчилигидаги делегацияси учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ривожлантириш юзасидан лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Мулоқот чоғида Франция компанияси раҳбарияти Франция ҳукумати Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 миллион евро маблағ ажратишни маъқуллаганини маълум қилган. Шунингдек, учрашувда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштириш бўйича масалалар ҳамда навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинган.

Эрик Гебали Ўзбекистонда бир қатор ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш бўйича режаларини баён этган. Улардан бири Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги умумтаълим мактабларини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаси бўлади. Лойиҳани рўёбга чиқариш компания томонидан грант асосида ажратилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Франция томони шаҳар ва қишлоқ жойлардаги аҳоли пунктларининг ичимлик суви таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурини ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган. Мазкур ёрдам вазифаси аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масалаларини зудлик билан ҳал қилишга қаратилган самарали инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобланган техник миссияларни Ўзбекистонга юборишдан иборат бўлади.