«Дарё» анъанавий жаҳон матбуоти шарҳи рукнини давом эттиради. Бу ҳафта ҳам жаҳон матбуотида муҳокама қилинган мавзулар ҳақида сўз юритамиз.
Эрон ва Ҳиндистоннинг стратегик ҳамкорлигининг истиқболи қандай?
Ҳиндистон ниҳоят Эрон билан 2015 йилда бошланган ядровий келишув борасидаги масалани қайта тиклайдиган кўринади, деб ёзади The Al Monitor нашри.Ўтган ҳафтада Ҳиндистоннинг Эрон, Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича вакили Жай Пи Сингх Теҳронга ташриф буюрди. Ҳиндистон вакили Эрон билан алоқаларни янги босқичга кўтаришга ҳаракат қилар экан, Уммон кўрфазида жойлашган Чобаҳор портидаги ишлар қандай кетаётгани билан танишди. Маълумки, ҲИндистон ҳукумати Чобаҳордаги портни замонавийлаштириш учун молиявий ёрдам бермоқда. Ҳиндистон вакилининг ташрифидан асосий мақсад эса узилиб қолган Ҳиндистон ва Эрон муносабатларини тиклаш ва яхшилашдан иборат.
Жаноб Сингх Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Ароғчи билан учрашиб ядро дастурининг қайта тикланиши борасида муҳокамалар ўтказди. Бундан маълумки, Ҳиндистон Эроннинг ядро дастури борасида ёрдам қилмоқчи, шарти эса Эроннинг иқтисодий жазо чораларидан халос бўлиши ҳисобланади. Демак, халқаро иқтисодий босим остида қолаётган Эрон билан иш юритиш учун Ҳиндистон тарафи энг аввало Эронни ядро дастури борасида қанчалик узоққа бора олишини англаш ва шу билан биргаликда Эроннинг халқаро ядровий дастур келишувига қайтиш ёки қайтмаслик режаларини аниқлашдан иборат.
Вашингтон ҳозирча Эронга ядро келишуви борасида ижобий сигнал юборди ва 2015 йилдаги Эрон ва АҚШ ядро келишувига бош-қош бўлган Роберт Меллини Эронга ўзининг вакили сифатида юборишга ҳам улгурди. 2015 йилда АҚШнинг Эрон билан ядровий келишувида муҳим ўрин тутган Венди Шерманнинг АҚШ давлат котиби ўринбосари сифатида тайинланиши ҳам Эрон учун ижобий қадам сифатида баҳоланмоқда. Айнан Венди Шерман Эронни ядровий келишув столига етаклаб, келишувни имзолаган сиёсатчилардан бири сифатида кўрилади.
Шу сабабдан ҳам Ҳиндистон ҳукумати Эрон билан Чобаҳор портининг истиқболида қатнашиш масаласини давом эттиришни режалаштирмоқда. АҚШнинг Эронга нисбатан эълон қилган иқтисодий жазо чоралари босими остида Ҳиндистон ҳам Эроннинг Чобаҳор портидаги вазифаларини бажаришни турли сабабларга кўра ортга суриб келганидан, Эрон ҳукумати Ҳиндистонни портга даҳлдор бўлган масалалардан узоқлаштиради. Эндиликда эса вазият ўзгараётгани маълум бўлгач, Ҳиндистон ўз вакилини Чобаҳор порти борасидаги алоқаларни давом эттиришни тиклаш учун музокаралар олиб боришга жўнатди. Расмий Ню Деҳли Эронга нисбатан ижобий фикрда эканлигини исботлаш учун ҳаттоки 140 тонналик юк кранларини тақдим қилди. Бу кранлар эса 25 миллион долларлик қийматга эга бўлиб, Ҳиндистон бу билан Эрон портида чала қолган ишларини ниҳоясига етказиб қўйишга қарор қилганидан далолат беради. Қолаверса, Ҳиндистон ҳукумати Чобаҳор порти орқали Марказий Осиё бозорларига кириб боришни ҳам мақсад қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ҳам Ҳиндистон, Эрон билан биргаликда Чобаҳор порти доирасидаги музокараларда қатнашиш истагини ҳам билдириб келади. Шу сабабдан ўтган йилда Ўзбекистон, Эрон ва Ҳиндистон расмийлари Чобаҳор портидан ўзаро манфаатли фойдаланиш борасида келишиб олиш мақсадида уч тарафлама музокаралар ўтказишди. Ҳиндистон Ўзбекистонни бу ҳамкорликка тортиш билан ўз савдо алоқаларини Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Россия, Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатларига ҳам ёйишни истайди. Яқин кунларда эса Ўзбекистон, Эрон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Чобаҳор порти истиқболи ва ҳамкорлиги доирасида музокараларни бошлаши ҳам кутилмоқда.
Агарда Эрон ва Ҳиндистон алоқалари ўрнатиладиган бўлса, Ҳиндистон расмийлари назарида Эрон ўз эътиборини Хитойга эмас, кўпроқ ғарбга қаратишга интилади. Бу эса 2015 йилда ўз тасдиғини топганди. Ўша пайтда Эрон ҳукумати Ғарб билан ядровий келишувни имзолашга эришган эди.
Иккинчидан, Эрон ва Ҳиндистон ўртасида стратегик ҳамкорлик борасида келишув мавжуд бўлиб, бу Хитой ва Покистон ўртасидаги келишувлар учун салбий таъсир қилади. Натижада, Ҳиндистон нафақат Покистоннинг Гвадар порти, балки унинг денгиз қирғоқларидаги вазиятни назорат қилишга ҳам имкон беради.
Учинчидан, Ҳиндистон минтақадаги Хитой таъсирини камайтириш орқали ўз дипломатияси ҳаракати ўқини Афғонистон ва Марказий Осиё ёрдамида ҳаракатлантириш имконига эга бўлади. Айнан шу сабабдан ҳам Чобаҳор порти ҳозирда ҳинд расмийларининг диққат марказидаги масалага айланиб улгурди.
Агарда Ҳиндистон вазиятни бой берадиган бўлса, у ҳолда Эрон ва Хитой ўртасида 25 йилга имзоланган битим кучга киради ва натижада Ҳиндистон Эрон портларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу эса Ҳиндистон иқтисодиётига қанча зарар келтиришини тахмин қилса бўлади.
Ҳиндистон ва Хитой ўртасида яқин вақтлар ичида содир бўлган ихтилофлар инобатга олинадиган бўлса, у ҳолда Ҳиндистон ўзи учун Хитой билан Эрон портлари борасида янги кураш майдони очаётгани билан баробар. Ҳиндистон ва Хитойнинг қарама қаршилиги ҳам Эрон порти ортидан янада жиддийлашиши мумкин. Эрон Яқин Шарқ минтақасидаги асосий давлатлардан бири эканлиги эътиборга олинса, Ҳиндистон Эрон билан яқинлашуви ортидан қандай фойда олиши маълум, бироқ бунинг учун Эрон ҳам ядровий дастури борасидаги келишувларга қайтиши талаб қилинади. Шундагина Ҳиндистоннинг мақсадлари амалга ошиши мумкин бўлади.
АҚШ НАТОдаги иттифоқчилари билан муносабатларини яхшилай оладими?
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин НАТОдаги иттифоқчилари билан Трамп даврида барбод бўлган муносабатларини тикламоқчи, деб ёзади The Voice of America ахборот хизмати.Чоршанба куни Ллойд Остин НАТОга аъзо мамлакатларнинг мудофаа вазирлари билан ўтказган дастлабки учрашувида узилиб қолган алоқаларни қайта тикламоқчи эканлигини маълум қилди. АҚШлик юқори мартабали расмийларнинг кайфияти ижобий тарафга ўзгаргани энг аввало АҚШ НАТОдаги иттифоқчилари билан Россия ва Хитойга қарши туриш стратегияларининг долзарблиги ва Афғонистондаги иттифоқчи кучларининг сони борасидаги мавзулар манзарасида юз бермоқда ва бу билан АҚШ тарафи халқаро вазиятда яна катта сиёсий саҳнага қайтишга қарор қилганлигини билиш мумкин.
Остин наздида, юқоридаги масалаларни иттифоқчилари билан биргаликда ҳал қилиш муваффақият олиб келиши мумкин. Жаноб Остин НАТОдаги шерикларига мурожаатида «жамоа ишонч ва ҳурмат билан биргаликда ҳаракат қилсагина, муваффақият қозониши» ҳақида гапирди. У, шунингдек, иттифоқчилар «биргаликда маслаҳатлашувлар ўтказиши, биргаликда қарор қабул қилиши ва ҳаракат қилиши лозим»лиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Трамп даврида НАТОдаги АҚШнинг иттифоқчилари расмий Вашингтоннинг ҳаракатларини «қўполлик», «шартнома бандларидан чекиниш» ва «ҳурматсизлик» дея баҳолаб келди. Бугун эса яна АҚШнинг қай даражада НАТОни тузиш ҳақидаги келишувнинг 5-моддасига риоя қила олиши борасида Остиннинг мурожаати АҚШ доим ўз иттифоқчилари билан бирга бўлишига ишонтирмоқда.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг шу ҳафтада барча аъзо мамлакатларга АҚШ ва НАТО муносабатларини «илитиш» борасида дарак берар экан, аъзо мамлакатларга «сўнгги 4 йил ўта оғир кечганлигини ва ҳаттоки президент Трамп билан ўтказилган учрашувларда ноқулай вазиятларга тушиб қолганлигини ҳамда Европа, Шимолий Америка ва АҚШ барчасини қайтадан бошлаши ижобий қадам» эканлигини маълум қилди.
Байден ва НАТО ўз муносабатларини ижобий тарафга ўзгартиришни истаётган бўлса-да, Афғонистон масаласида НАТОга аъзо мамлакатлар билан турли келишмовчиликлар мавжуд. Хусусан, АҚШ Афғонистонда қолаётган 2500 нафар аскарини май ойида қандай олиб чиқиб кетиши борасида ўйламоқда.
Бироқ Пентагондаги юқори мартабали мулозим Афғонистондаги ҳарбийлар сони борасида бирор бир қарор қабул қилинмаганлигини таъкидлаган ҳолда, НАТО мамлакатлари вазирларининг учрашуви АҚШга бу масалани муҳокама қилиш учун яхши имконият эканлигини билдирди.
Қолаверса, АҚШнинг толибонлар билан имзолаган келишуви бузилиши мумкинлигидан хавотирда. Америкалик ҳарбийлар толибон тарафи келишувларга қарамасдан зўравонликни авж олдираётганини иддао қилишмоқда. Шундай бўлса-да, айрим америкалик расмийлар толибонлар билан имзоланган 2020 йил бошидаги битимнинг истиқболли эканлигидан кўнгли тўқ.
АҚШнинг Европадаги қўшинлари келажаги борасида ҳам унинг Европадаги иттифоқчилари маълум бир фикрга эга бўлишни истамоқда. Трамп ўтган йилнинг июль ойида Германиядаги 12 мингдан ортиқ аскарини олиб чиқиб кетишини маълум қилганди. Байден эса бу борадаги вазиятни қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолдирмоқчи. АҚШ ҳарбийларининг Европада қолиши АҚШнинг хавфсизлик стратегиясига хизмат қилади. Шу билан биргаликда АҚШ ва НАТО давлатлари Россиянинг агрессив сиёсатини жиловлаб туриш имконига эга бўлади. Иттифоқчилар учун ҳарбий харажатлар ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Байден ҳам бу борада Трампдек НАТОга аъзо давлатлар ҳарбий харажатларни ўртада ҳал этиш тарафдори.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)