Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинаси учинчи босқич клиник синовлари натижалари асосида Ўзбекистонда сертификатлаштирилган ҳолда оммавий қўллаш жараёнига рухсат этилди. ЎзАнинг хабар беришича, бу ҳақда Махсус комиссия йиғилишида маълум қилинди.

Фото: «РИА Новости»

«Бугунги кунда ушбу вакцинадан 1 миллион доза харид қилиш юзасидан амалий чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Россия вакцинасини сертификатлаштириш жараёни 11 февраль куни Россия вакцинасини ишлаб чиқувчиларидан зарур материаллар, хусусан, вакцинанинг клиник синовларининг учинчи босқичи натижалари олинганидан сўнг бошланган эди.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланиши маълум қилинган. Нурмат Отабеков Ўзбекистонда дастлабки босқичда 50 мингга яқин киши COVID-19’га қарши эмланишини айтганди. Бунда биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланади ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилади. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги даволаш профилактика муассасалари қошида 3138 та эмлаш хоналари ва 820 та мобил бригадалар ташкил этилган, улар барча эмлаш ишларини жадвал бўйича ва босқичма-босқич амалга оширади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов 2021 йилнинг 8 январида Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизига етарли миқдорда биринчи буюртма берилганини айтганди. ЖССТ қўллашга рухсат берган Pfizer ҳамда BioNTech корхоналари томонидан ишлаб чиқилган вакцинани Ўзбекистонда ҳам эмлаш жараёнига жалб қилиш учун 100 минг дозага расман буюртма берилган.

Ботиржон Қурбонов ҳозирда Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида Pfizer-BioNTech вакцинасини 70 даража совуқда сақлаш имконини берадиган музлатгичлар ҳозирлаб қўйилганини билдирган.

Ўзбекистонда айни пайтда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган ZF 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари давом этмоқда. Ушбу вакцина синовида иштирок этадиганлар сони қарийб икки баравар оширилди.

Ушбу клиник синовлар натижалари муваффақиятли якунланса, Инновация вазирлиги Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилган.