АҚШ президенти бўлиш дунёдаги энг хавфли касблардан бири ҳисобланади, чунки шу кунгача улардан тўрт нафари ўлдирилган (Авраам Линкольн, Жеймс Гарфилд, Уильям Мак-Кинли ва Жон Кеннеди). Ҳукмронлик пайтида ўлдирилган президентлардан ташқари, АҚШ президентларини ўлдиришга қаратилган кўплаб муваффақиятсиз уринишлар ҳам бўлган. Улардан бири 1933 йил 15 февралда Жузеппе Зангара томонидан амалга оширилган. Ўшанда у Флорида штатининг Майами шаҳрида президент Франклин Делано Рузвельтни ўлдирмоқчи бўлган эди. «Дарё» мазкур жиноят тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Президентга ўқ
АҚШ президенти лавозимига киришишдан икки ҳафта олдин, 1933 йил 15 февралда Франклин Рузвельт соат 21:00 да нутқ сўзлаш учун Майами шаҳридаги Бэйфронт боғига етиб келди. У кўк Buick автомобилининг орқа ўриндиғидан туриб нутқ сўзлаши керак эди.Кечки соат 21:35 атрофида Рузвельт ўз нутқини тугатди ва унинг машинаси атрофида тўпланган баъзи тарафдорлари билан гаплаша бошлади. Шу пайт бирин-кетин бешта ўқ овози янгради. Италиялик иммигрант ва ишсиз ғишт терувчи Жузеппе Зангара Рузвельтга қарата 32 калибрли тўппончасидан ўқ узган эди.
Тахминан, 8 метр масофадан ўқ узган Зангарада Рузвельтни ўлдиришга имконият катта эди. Бироқ бўйи атиги 155 сантиметр бўлган Зангаранинг бирорта стул устига чиқмасдан туриб, оломон ўртасидаги Рузвельтни кўра олиши қийин масала эди. Шунинг учун ҳам у ерда мустаҳкам туриб эмас, тебранма стулнинг устига чиқиб ўқ узган ва ўз имкониятларини пасайтириб юборган. Бундан ташқари, Зангара яқинидаги оломон ичида турган Лилиан Кросс исмли аёлнинг айтишича, отишма пайтида у Зангаранинг қўлига зарба берган.
Зангаранинг «омадсизлиги» ёмон нишонга олишдан, тебранадиган стулдан ёки Мисс Кросснинг аралашувидан келиб чиққанми ёки йўқ, аниқ билмаймиз, аммо бешта ўқнинг бирортаси Франклин Рузвельтга тегмаган. Бироқ ўқлар атрофдаги бошқа одамларга тегди. Натижада тўрт киши енгил тан жароҳати олди, Чикаго шаҳар мэри Антон Чермак эса қорин қисмидан ўта оғир даражада жароҳат олди.
Ишончли президент
Замондошларининг фикрича, Рузвельт ўша машъум кун давомида тинч, жасур ва қатъиятли кўринган. Унинг ҳайдовчиси янги сайланган президентни зудлик билан хавфсиз жойга олиб кетмоқчи бўлганида, Рузвельт ўз ҳайдовчисига машинани тўхтатиб, унда ярадорларни олиб кетишни буюрган. Касалхонага кетаётганида Чикаго мэри Чермакнинг бошини ўз елкасига қўйган президент унга таскин ва тасалли берувчи сўзлар айтиб кетган. Кейинчалик шифокорлар ушбу ҳолат Чермакни оғриқ шокидан қутқарганини таъкидлаб ўтган.Рузвельт бир неча соатни касалхонада, жароҳат олганларнинг ҳар бири билан гаплашиб ўтказган. Эртаси куни у беморларни кўриш учун яна касалхонага ташриф буюрган.
Буюк депрессия давридан кейинги Қўшма Штатлар кучли раҳбарга жуда муҳтож бўлиб турган бир пайтда ҳали синовдан ўтмаган ва эндигина сайланган янги президент инқироз шароитида ўзини кучли ва ишончли раҳбар эканлигини исботлайди. Мамлакатдаги газеталар ҳам ҳали Рузвельт Оқ уйга кирмасидан олдин унга бўлган ишонч ҳақида ёзган.
Ўқлар аслида президентга аталганмиди?
Ўқ овозлари янграгандан кейин Жо Зангара зудлик билан қўлга олинган ва ҳибсга ташланган. Отишма тугагандан сўнг расмийлар билан бўлган суҳбатларда Зангара Рузвельт ва барча бадавлат капиталистлар туфайли унинг ошқозони оғриётганидан шикоят қилади. Рузвельтни бунга сабабчи қилиб кўрсатади ва шунинг учун ўлдиришга уринганлигини айтади.Жиноятнинг аниқ сабаблари аниқланмаган, аммо Зангаранинг ошқозон ҳақидаги аҳмоқона фаразларидан кўра жиддийроқ сабаблар қидирадиган бўлсак, баъзи тарихчилар Зангаранинг Чикагодаги жиноят оламининг ёрқин фигуралардан бири Фрэнк Нитти (Аль Капоненинг дўсти ва иттифоқчиси)нинг қўлида ишлаганлигини тахмин қилади. Аслида, Зангаранинг нишони Фрэнк Ниттининг ишларига халақит қилаётган шаҳар мэри Антон Чермак эди, холос. Расмий версияда эса Зангара ўзининг руҳий касаллиги туфайли Рузвельтни отишга урингани айтилган.
Суд
Зангара айбини тан олганидан сўнг суд аввалига уни 80 йилга озодликдан маҳрум қилди: «Мен капиталистларни ўлдираман, чунки улар мени ошқозоним орқали ўлдиришяпти. Яшашимдан фойда йўқ. Менга электр стул беринг», — дея қичқиради Зангара ҳукм ўқилган пайтда.Бироқ оғир яраланган Чикаго шаҳар мэри Антон Чермак 1933 йил 6 мартда олган жароҳатлари оқибатида отишмадан 19 ва Рузвельт инаугурациясидан икки кун ўтгач, касалхонада вафот этади. Зангара биринчи даражали қотилликда айбланиб, ҳукм қайта кўриб чиқилади ва у ўлимга маҳкум этилади.
Қатл
Суд жараёнидан сўнг Жузеппе Зангара Флорида штатидаги қамоқхонанинг махсус бўлимида ўлим жазоси ижро этилишини кутиб яшади. Ҳукм эълон қилинганидан 10 кун ўтгач, 1933 йил 20 мартда Жузеппе Зангарани электр стулга олиб боришди. Унинг қатл жараёнида бирорта ҳам журналист йўқлигини кўрган маҳкум қаттиқ ғазабга келди ва ўлимидан олдин: «Италияга шон-шараф, барчага хайр, бу дунёнинг камбағаллари!», — дея жаллодга буйруқ берди: «Тугмани бос номард!»Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)