Фарғона вилоятида икки сотувчининг катта миқдордаги пулларини талон-торож қилган шахсларга нисбатан жиноий иш очилди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Фото: Тергов департаменти

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 31 январь куни соат 18:00 ларда Бахтиёр Х. чинни идишлар олди-сотдиси билан шуғулланувчи таниши Тожикистон фуқароси Субҳонали Қ. билан Фурқат тумани Қулбобо қишлоғида жойлашган чойхоналарининг бирига келади.

У ерда улар Нодир ва унинг икки нафар шериги билан кўришиб, тижорат масаласида гаплашади. Сўнгра Нодир исмли шахсга тегишли Nexia-2 русумли автомашинага ўтириб, Фурқат туман Томоша қишлоғи ҳудудига етиб келишган вақтида Нодир ва унинг икки нафар шериги автомашинада ўтирган Субҳонали Қ.ни автомашинадан тушириб, Бахтиёр Х.га ҳужум қилиб, қўл ва оёқлари билан уради.

Улар Бахтиёр Х.нинг ёнида бўлган 400 АҚШ долларини олиб қўйиб, унинг шериги билан Наманган вилоятида жойлашган дарё қирғоғига олиб боради. Пистолет кўринишидаги ўқотар қуролга ўхшаш предметни кўрсатиб, Субҳонали Қ.ни ёнида бўлган 11 600 АҚШ долларини зўрлик йўли билан қўлга киритади.

Шунингдек, Нодир ва унинг шериги Бахтиёр Х. ва Субҳонали Қ.ни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишса, ўлдириб юбориш билан қўрқитиб, уларни Наманган шаҳри марказидан Қўқон шаҳрига қатновчи машинага ўтқазиб юборади.

Фото: Тергов департаменти

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Бахтиёр Х.да енгил тан жароҳатлари аниқланган, унинг шериги Субҳонали Қ.да эса тан жароҳатлари аниқланмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фурқат туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «б» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари натижасида Нодир исмли шахс Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган 39 ёшли Нодирбек Қ. эканлиги аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда Нодирбек Қ.нинг жиноий шерикларини ушлаш чоралари кўрилмоқда. Дастлабки тергов давом этмоқда.

Бундан аввал Андижонда 28 ёшли аёлнинг уйига бостириб кириб, пул талаб қилган фуқароларга суд ҳукми ўқилгани, қўшни аёлни қарз бермагани ва устидан кулгани учун ўлдирган шахс 17,5 йилга қамалгани ҳамда Оҳангаронда фермер хўжалигига бостириб кириб, ишчилар мулкини талон-торож қилган шахслар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.