3 февраль куни Ўзбекистон ва Сан-Марино ўртасида дипломатик муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги протоколни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: «Дунё» АА

«Дунё» ахборот агентлигининг Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасига таяниб хабар беришича, Ўзбекистон томондан ҳужжатни элчи Отабек Акбаров, Сан-Маринодан эса Италиядаги элчиси Дэниэла Ротондаро имзолади.

Икки мамлакатда ички процедуралар ўтказилгач протокол кучга киради ва Сан-Марино Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 136-давлатга айланади.

Элчи Даниэла Ротондаро Римда жойлашган Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва Халқаро қишлоқ хўжалиги жамғармаси (IFAD) доирасида ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлади. Унинг фикрича, икки мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда қашшоқликни йўқ қилишда ҳамкорлик қилиши мумкин.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган. Элчининг сўзларига кўра, Сан-Марино инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиққа тортмаслик тўғрисидаги икки томонлама шартномаларни ишлаб чиқиш ва имзолашга тайёр.

«Европа Иттифоқи билан яқин алоқада бўлган Сан-Марино ўзбек компаниялари ва экспортчиларига Европа бозорларига чиқиш учун яхши имкониятлар тақдим этиши мумкин», — деган у.

Туризм соҳасидаги ҳамкорлик ҳам яна бир муҳим йўналишга айланиши мумкинлиги таъкидланган.

Маълумот учун, Сан-Марино дунёдаги энг кичик давлатлардан бири (майдони 61 квадрат километр) ҳисобланади. Мамлакат Жанубий Европада жойлашган ва тўрт томондан ҳам Италия билан чегарадош. Дунёдаги энг қадимги конституциялардан бири амал қиладиган Сан-Марино айни пайтдаги чегараси билан Европанинг энг узоқ тарихга эга давлати ҳисобланади. Бундан ташқари, Сан-Марино аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи (2020 йилда 56 минг 690 долларга тенг бўлган) бўйича дунёдаги энг бой мамлакатлардан биридир.