Ўзбекистон Президентининг 30 январдаги фармони билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов лавозимидан озод этилганди. Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, собиқ ҳоким Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси лавозимига сайланиши кутилмоқда.
«Айтишларича, Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси лавозимига сайланиши мумкин экан. Бугун касаба уюшмаларининг Пленум йиғилишида ушбу масала кўриб чиқилиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Аввалроқ уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири сифатида ишлаб келган Музаффар Солиев «фаолиятида йўл қўйган камчиликлар, қайта-қайта огоҳлантиришларга қарамай тегишли хулоса чиқармагани учун» эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганди. 15 январь куни эса у Нурафшон ҳокими этиб тайинланган эди.
Мавзуга доир: Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди