Наманганга Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар бошчилигидаги Покистон делегацияси келмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар берди.
Делегация таркибига Панжоб вилояти мутасаддилари ва тадбиркорлари кирган бўлиб, жами 15 кишидан иборат. Меҳмонлар вилоятдаги йирик корхоналар билан танишиши, Made in Namangan кўргазмаси ва «Наманган—Панжоб» бизнес-форумида иштирок этиши, «Султон Увайс Қароний» ва «Ахсикент» мажмуаларини зиёрат қилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразақов ва Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар ўртасида музокаралар ўтказилиши, уларнинг якунида «Биродар ҳудудлар» келишувининг имзоланиши кутилмоқда.
Наманган шаҳридаги «Уч фаввора» хиёбонида эса ушбу келишувни ўзида акс эттирган монумент ўрнатилади ва Покистон байроғи кўтарилади.
Покистон делегацияси 2021 йил 5 февралдан бошлаб уч кун давомида Наманганда бўлади ва шундан сўнг Самарқанд ҳамда Бухорога йўл олади.
Маълумот учун, Панжоб вилоятида 110 миллион киши ёки Покистон аҳолисининг ярмидан ортиғи истиқомат қилади. Вилоятнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 60 фоиздан ортади.
Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятининг бугунги раҳбари Шавкатжон Абдураззақов 2019 йил сентябрь ойида Наманган шаҳри ҳокими сифатида Панжоб вилоятининг Лаҳор ва Файсалобод шаҳарларида бўлган ҳамда губернатор Муҳаммад Сарвар билан учрашганди.
Изоҳ (0)