Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Навоий вилоятида жойлашган омборхоналардан бирида юзага келган ёнғин бўйича расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, 31 январь куни соат 22:07 да Навоий вилояти ФВБ (фавқулодда вазиятлар бошқармаси) навбатчилик қисмига Навоий шаҳрида жойлашган «Бахт текстиль» МЧЖ корхонаси омборхонасида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар келиб тушган. Ҳолат юзасидан зудлик билан Навоий шаҳар ФВБ ёнғин-қутқарув экипажлари соат 22:10 да воқеа жойига етиб борган.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 22:30 да қуршаб олиниб, 1 февраль куни соат 07:05 да тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса жойига 13 махсус техника ҳамда ёнғин-қутқарув экипажлари, «Тинчлик» ёнғин ўчириш поезди жалб этилган.
«Ушбу ҳолатда вафот этган ва жароҳат олганлар йўқ. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар аниқланмоқда. Айни вақтда вазият юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги бозорда ёнғин содир бўлгани, Асакадаги кийим-кечак бозорида ёнғин юз бергани, шунингдек, Тошкентда Жомий бозори яқинидаги бир нечта қурилиш дўконларида ёнғин келиб чиққани тўғрисида хабарлар берилганди.
Мавзуга доир: Tashkent City ҳудудида ёнғин содир бўлди (видео)