«Дарё» анъанавий жаҳон матбуоти шарҳи рукнини давом эттиради.
Сомали ва Кения нега янги инқироз ёқасига келиб қолди?
Сомали ва Кения ўртасидаги чегаравий низо халқаро субетктларнинг аралашувига ва минтақадаги ҳарбий вазиятнинг таранглашувига олиб келади, деб ёзади «Al Ahram Weekly» нашри.
Хўш, низонинг сабаблари нимада? Икки йилдан бери давом этаётган Сомали ва Кения ўртасидаги чегаравий низонинг келиб чиқишининг асосий сабаби Ҳинд океани ҳавзасида аниқланган улкан газ захиралари манбасининг аниқланишига бориб тақалмоқда.
2019 йилда Сомали ҳукумати Лондонда ўтказилган халқаро конференцияда нефть ва газ манбалари аниқланган тақдирда, келгусида бу манбалар олди-сотдисига кимлар эгалик қилиши борасидаги харитасини тақдим қилади. Натижада Кения ҳукумати Могадишодан ўз элчисини чақириб олади. Бунга жавобан Сомали ҳам Найробидаги ўз элчисининг Кениядаги фаолиятига барҳам берилганини маълум қилади.
Расмий Могадишо Кения ҳукуматини Жубаленддаги сайловларга аралашганликда ва бу ҳаракати билан Сомалининг суверенитетига даҳл қилганликда айблайди. Жубаленд Кенияга чегарадош ҳудудда жойлашган бўлиб, Кисмайо бандаргоҳи бир вақтлар Аш-Шабоб террорчи гуруҳи тарафидан назорат қилинганди.
2020 йилнинг март ойида Кения ҳукумати Сомалилендда ўз консулхонасини очишини эълон қилади. Сомалиленд бу минтақадаги муҳим савдо нуқтаси бўлган Харгейс ва Бендера портларини ўз ичига олган ҳудуд ҳисобланиб, минтақада бошқа Африка давлатларига, жумладан, Жибутига ҳам тижорат соҳасида жиддий рақобатчига айланадиган ҳудуд сирасига киради.
Сомали ҳукумати эса Кенияни мустақилликка интилаётган ҳудудларни қўллаб-қувватлашда ва Сомалининг халқаро муносабатлардаги нуфузини обрўсизлантираётганликда айбламоқда. Аш-Шабоб террорчи гуруҳи ҳозир ҳам Сомалида ҳаракат қилаётган бўлсада, аввалгидек куч ва ҳокимиятга эга эмас. Сабаби саккиз йил аввал Кения ҳукумати қуролли кучлари Африка Иттифоқи миссияси давомида Аш-Шабоб гуруҳига қақшатқич зарба берган ва Кисмайо савдо маркази ҳудудини ўз таъсирига олишга эришганди.
Сомали ва Кения ўртасида келиб чиққан инқироз бугун ёки кеча пайдо бўлган инқироз эмас. 2015 йилда Кения ҳукумати Аш-Шабоб террорчи гуруҳига қарши курашиш учун Сомалига киритган ҳарбийларини олиб чиқиб кетишдан бош тортади. Сабаб эса Кения ҳукуматининг Сомалидаги террорчи гуруҳ йўқотилган бўлсада, қўлга киритилган ғалабанинг осонлик билан яна бой берилишини истамагани бўлди. Сомали ҳукумати эса Кениянинг бу ҳаракатини ҳудудни эгаллаб олишга уриниш сифатида баҳолади.
2020 йилнинг октябрь ойида Кения президенти Ухуру Кениата Сомалидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишнинг сўнгги муҳлатини белгилашни рад қилди. Аш-Шабоб гуруҳи эса кениялик ҳарбийлар ва ҳудуддаги фуқаролик объектларига ҳужум уюштиришда давом этмоқда. Кениянинг Даадаб қочоқлар лагерида айни пайтда 250 мингга яқин сомалилик қочқинлар бошпана топган.
Кения ва Сомали ўртасидаги инқироз кучайгани сари Аш-Шабоб гуруҳи сомалиликларни радикаллаштириш учун бор кучини сарфлаб улардан ислом лашкарини тузишда фойдаланмоқда. Кения Шарқий Африканинг энг ривожланган давлати сифатида Сомалидаги вазиятга аралашуви ортидан кўплаб иқтисодий ва ҳарбий йўқотишларга учради. Сомалида эса сиёсий тартибсизлик юзага келди. Мамлакат инқироз кўчасига кириб қолди. Африка Кенгаши эса Африка давлатларининг муаммоларини ҳал қилишга ожизлик қилмоқда. Шу сабабдан Эфиопияда дамба можароси юзага келган бўлса, Мозамбикда террорчи гуруҳларнинг таъсири ошиб бормоқда. Шу сабабли, Африка Кенгаши ташкилоти қитъанинг асосий давлатларидан бири бўлган Мисрни ва бошқа араб давлатларини Кения ва Сомали ўртасидаги низони бартараф қилишга аралашишга ва Кения ҳарбийларининг Сомалида қолишлари Аш-Шабоб гуруҳини тийиб туришда муҳим эканини тушунтиришга ундамоқда. Қолаверса, Кения ва Сомали ўртасидаги низо Африка иқтисодиётига салбий таъсир қилади. Агар Туркиянинг Сомалидаги таъсири ортиши ҳам ҳисобга олинса, кейинчалик Сомали ва Кения ўртасидаги низо қонли можароларга ҳам айланиб кетиши мумкин.
Навальний Путин ҳукуматини ағдаришга қодирми?
2021 йилнинг 23 январь санасида бутун Россия бўйлаб минглаб руслар Навальнийнинг озод қилинишини талаб қилган ҳолда норозилик намойишларига чиқди. Алексей Навальний «новичок» заҳарли моддаси билан заҳарланганидан беш ой ўтиб, 17 январь санасида Москвага қайтган ва аэропортда рус хавфсизлик ходимлари томонидан қамоққа олинганди. Хўш, Навальний Путин ҳокимиятини тўнтаришга қодирми? The Foreign Policy нашрининг ёзишича, агар Навальний кўча инқилоби ёрдамида ҳокимиятни қўлга киритишни хоҳлаётган экан, у энг аввало рус элитаси вакиллари орасидан ўзига иттифоқчи топишига тўғри келади. Бироқ ҳозирча рус элитаси Навальнийнинг ҳаракатларига эътибор қилмаяпти. Навальнийни эса шубҳали айбловлар билан узоқ муддатли қамоқ кутиб тургани ҳақиқатга яқинроқ.
Навальний қамоқда қолаётганига қарамай, тинч ўтиришни ўйлагани ҳам йўқ. Навальнийнинг коррупцияга қарши кураш фонди Путиннинг Геленжикдаги ҳашамтли қасри ҳақида видео суриштирувни эълон қилди. Путин ва унинг атрофидагиларнинг коррупция ботқоғига ботгани, оддий русларнинг турмуш шароити тобора ёмонлашиб бораётгани мамлакатда Путинга қарши кайфият юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Навальнийнинг Путин, унинг ҳукумати ва «Ягона Россия» партиясини обрўсизлантириш ҳаракати иш бераётган бўлса-да, амалдаги режимни ағдаришга имконияти йўқ. Бунинг сабаби шундаки, Навальний кўча намойишларига минглаб русларни чиқаришга муваффақ бўлаётган бўлса-да, уни дастаклайдиган маҳаллий элита ҳозирча йўқ. Элитанинг аксари эса Навальнийнинг коррупцияга қарши эълон қилган салб юришларига ҳамфикр эмас.
Рус тарихига ёки қўшни Грузия ва Украинадаги рангли инқилоблар тарихига назар солинса, бу инқилобларнинг муваффақиятли амалга ошганига сабаб Грузия ва Украинадаги сиёсий ҳокимиятнинг заифлиги ва элита ҳам ислоҳотларни талаб қилаётган тарафлар томонида тургани билан изоҳланади.
Грузиядаги инқилобда Эдуард Шеварнадзенинг ҳокимиятдан қувилиши, аввало Шеварнадзенинг Грузия Фуқаролик иттифоқи партияси аъзоларининг аксари, жумладан, адлия вазири бўлган Михаил Саакашвилининг ҳам намойишчилар тарафига ўтиб кетиши билан изоҳланади. Украинада Янукович ҳукумати ҳам сиёсий элитанинг тарқоқлиги сабаб жамоатчилик босими остида қулатилди. Шеварнадзе ҳам, Янукович ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида ўзлари ишониши мумкин бўлган хосларга эга эмасди. Юқори мартабали зобитлар ва оддий аскарлар ҳокимиятнинг ўзгариши, уларга зиён етказмаслигини англаган ҳолда сиёсий ҳокимиятнинг ўзгаришига йўл қўйиб берди.
Россиядаги Путин режими эса мутлақо ўзгача. Россиядаги ҳокимият хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари ва бошқа бюрократик органларни қамчи ва таёқ ёрдамида бошқариб келади. Буни эса Россияда Чор Россияси давридан қолган мерос сифатида талқин қилиш мумкин. Путин Россиясидаги олигархлар Путин ҳокимиятини тан олишлари билан ҳукуматнинг даромадларидан фойда кўради. Путиннинг ҳокимиятига соя ташлайдиганлар эса Михаил Ходорковский сингари шафқатсиз бюрократиянинг таъқиб ва қувғинига дучор бўлади. Ҳокимиятнинг ҳар бир бўғинида ана шундай тартиб амалда.
Россия тарихида кўплаб инқилоблар қайд этилган бўлса-да, бу инқилобларнинг аксари қисман марказий ҳокимиятнинг кучсизланиши натижасида содир бўлган. 1905 йилдаги инқилобда эса Россиянинг Япониядан мағлубиятга учраши оқибатида бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари юз беради. Николай II жамоатчилик босими остида ислоҳотларга йўл берган бўлса-да, 1907 йилга келиб ҳокимиятни тўла назорати остига олишга ва янги парламентни ўзининг қўғирчоғига айлантиришга эришади.
Путин ҳам айни пайтда Россиядаги марказий назорат тизгинларини ўз қўли остида қаттиқ ушлаганча коррупция ботқоғига ботган шафқатсиз режимни бошқариб келмоқда. Путиннинг «Ягона Россия» партияси эса Россиянинг барча бюрократик аппаратида етакчилик қилмоқда. Шундай экан, Навальнийнинг намойишлари ҳозирча Путинни ҳокимиятдан қулатишга қодир эмас. Аммо вақти келиб, Навальний сочаётган норозилик уруғлари Россияда ўзгаришларнинг содир бўлишига олиб келиши мумкин. Бунинг учун эса анча йиллар талаб қилинади.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади
Изоҳ (0)