Мирзаобод туманида 12 сотих ер майдонини ажратиб беришдаги ҳужжатбозлик ишлари учун фуқародан 1200 доллар талаб қилган қурилиш бўлими бошлиғи ва унга пора олиш-беришда воситачилик қилган шериги ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё туман бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Мирзаобод туман архитектура бўлими собиқ мутахассиси Ф.Т. исмли фуқарога 12 сотих ер майдони ажратиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва унинг ёрдамчи хўжалиги биноси лойиҳа ҳужжатларини Сирдарё туман қурилиш бўлими бошлиғи орқали тайёрлаб бериш эвазига ундан 1200 АҚШ доллари талаб қилган. Ушбу шахс белгиланган маблағнинг 2,1 миллион сўмини қўлга киритиб, қолган 900 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, қўлга олинган шахснинг кўрсатмаларига асосан давом эттирилган тадбирда Сирдарё туман қурилиш бўлими бошлиғи фуқаро Ф.Т.га 12 сотих ер майдони ажратиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва унинг ёрдамчи хўжалиги биноси лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ долларини хизмат хонасида пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210, 212-моддалари (пора олиш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Бўстонлиқдаги 1 гектар ерни расмийлаштириб бериш учун 160 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олингани, Тошкент вилоятида 60 минг долларга ер сотмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосари ушлангани, Юнусобод тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари 5 минг доллар пора билан қўлга тушгани, шунингдек, Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи 50 минг доллар пора билан ушлангани тўғрисида хабар берилганди.