Коронавирус пандемияси сабабли юзага келган иқтисодий инқироз чорак миллиард одамни ишсиз қолдирди, мазкур кўрсаткич 2008—2009 йиллардаги молиявий инқирозга қараганда тўрт баравар кўп. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) тадқиқотига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Reuters

2020 йил мобайнида дунё бўйлаб иш вақти 8,8 фоизга қисқартирилди, бу 255 миллион доимий иш ўрнига тенгдир. Бундай йўқотишлар ёлланиб ишлайдиганларнинг иш вақти қисқариши ёки бутун дунё бўйлаб 114 миллион кишини қамраб олган ишчи ўринларнинг мислсиз қисқариши билан изоҳланади.

ХМТ маълумотларига кўра, йўқотишларнинг 71 фоизи (81 миллион киши) ишсизлик шаклида эмас, балки ҳаракатсизликда юз берган: одамлар пандемия оқибатида ишлай олмагани сабабли меҳнат бозорини тарк этган. Натижада дунёда ишчиларнинг умумий даромади 8,3 фоиз — 3,7 триллион долларга камайди, бу глобал ялпи ички маҳсулотнинг 4,4 фоизини ташкил этади.

Таъкидланишича, меҳнат бозоридаги муаммолар эркакларга қараганда кўпроқ аёлларга таъсир кўрсатган. Жаҳон миқёсида ишидан айрилган аёллар 5 фоизни, эркаклар эса 3,9% ни ташкил қилади.

Шунингдек, инқироздан энг кўп зарарни ёшлар кўраётгани ҳақида хабар берилган. Ёшлар (15-24 ёш) орасида ишсизлик 8,7 фоизни, катталар орасида 3,7 фоизни ташкил этди.

Ҳисоботга кўра, инқироздан энг кўп зарар кўрган соҳалар турар жой ва умумий овқатланиш соҳаси бўлиб, у ерда бандлик ўртача 20% га камайган.

Эслатиб ўтамиз, БМТ пандемия сабабли дунёда ишсизлик ўзининг тарихий даражасига етишини прогноз қилган бўлса, Жаҳон банки коронавирус сабаб пул ўтказмалари 20 фоизгача қисқариши мумкинлигини айтганди. Бундан ташқари, пандемия аёллар орасида қашшоқликни кучайтириши маълум қилинган.

Шунингдек, Kuwait Airways COVID-19 сабаб 1,5 минг нафар хорижлик ходимини ишдан бўшатгани хабар қилинганди.