Намангандаги газ тўлдириш шохобчасида навбатда турган Damas автомобилида юзага келган ёнғин шохобча ходими томонидан ўт ўчириш воситаси ёрдамида тезкорлик билан бартараф этилган. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Наманган вилоят ФВБ матбуот хизмати

Олдинроқ вилоятнинг Тўрақўрғон тумани, «Кумидон» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Афсона-4» автомобилларга газ қуйиш шохобчасида газга навбатда турган Damas ёниб кетгани маълум қилинганди.

Ёнғин оқибатида автомобилнинг ўриндиқ ва электр жиҳозлари зарар кўрган. Ҳодиса пайти шохобчада бўлган фуқаролар ва автомашиналарга зарар етмаган.

Фото: Наманган вилоят ФВБ матбуот хизмати

Мутахассислар ёнғин автомобиль электр симларининг қисқа туташуви туфайли келиб чиққанини билдирмоқда.

Воқеа жойига вилоят ва туман ҳокимликлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия вакиллари етиб келган.

Мазкур Damas ҳайдовчиси, 1999 йилда туғилган Б.А.нинг айтишича, машина бобосига тегишли бўлиб, ишончнома орқали бошқарган ва оилавий хизматлар учун фойдаланиб турган.

Фото: Наманган вилоят ФВБ матбуот хизмати

— Тунги соат 02:00 атрофида заправкага келиб, соат 06:00 гача навбатда турдим. Ёнғин нимадан келиб чиққанини, тўғриси, ўзим ҳам билмайман. Ўзимга ҳам, бошқаларга ҳам зиён-заҳмат етмаганига, омон қолганимга шукр қиламан, — дейди у.

Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, содир бўлган ёнғин юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Куни кеча Намангандаги газ-заправкаларнинг бирида навбатда турган ҳайдовчилардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ундан аввалроқ эса наманганлик ҳайдовчилар газ-заправкада навбат талашиб, муштлашиб кетгани маълум бўлган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 4 январдан бери «магистрал газ қувурларидаги газ босимини қайта тиклаш мақсадида» газ-заправкалар тонг соат 05:00 дан 15:00 гача, чекланган тартибда ишламоқда, бунинг натижасида газ қуйиш шохобчаларида «4—6 соатлик навбатлар» юзага келмоқда. Ушбу тартиб қачонгача давом этиши номаълум.