Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳрида жойлашган газ тўлдириш шохобчаларининг бирида ёши катта фуқаро вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Наманган вилоят прокуратурасининг «Дарё»га маълум қилишича, ҳодиса ҳақида 10 январга ўтар кечаси соат 01:30 да хабар келиб тушган.

«Косонсой тумани ‘Ободон’ маҳалласида яшаган И.Ж. ‘Жигули’ машинасига метан газ қуйиш учун Наманган шаҳар ‘Юксалиш’ маҳалласидаги ‘Наманган суюқгаз’ компанияси газ қуйиш шохобчасига келиб, машинасини суриб ҳаракатлантириб келаётган вақтида тўсатдан асфальт йўлакка чап юз соҳаси билан йиқилиб, урилиши оқибатида чап юз соҳаси ва бош мия чап соҳасидан олган тан жароҳати натижасида ҳодиса жойида вафот этган», — дейилади хабарда.

Фото: Telegram

Дастлабки тиббий маълумотномада марҳум И.Ж. тез ёрдам бўлими етиб келган вақтда вафот этиб бўлганлиги, юз соҳасида шилиниш жароҳатлари борлиги, танасида тан жароҳатлари йўқлиги маълум қилинган. Ҳозирда И.Ж.нинг вафот этганлиги ҳолати ўрганиб чиқилмоқда.

Фото: Telegram

Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизматининг аниқлик киритишича, И.Ж. 67 ёшда, касби механик, тўрт ўғил ва бир қизнинг отаси эди. Марҳумнинг жанозаси 10 январь куни аср намозидан сўнг ўқилган.

«Наманганликлар» Telegram-каналининг хабар беришича, марҳум пенсионерга тегишли «Жигули» навбатда узоқ туриб қолгани учун музлаб қолган. Каналнинг бошқа бир фойдаланувчиси навбатда туриш вақти кун сайин «4—5—6 соатгача» узаяётганини таъкидлаган.

Ўзбекистонда 4 январдан бошлаб газ-заправкалар тонг соат 5:00 дан 15:00 гача, чекланган тартибда ишламоқда. Бундан кўзланган мақсад — магистрал газ қувурларидаги босимни қайта тиклаш.