«Дарё» нашри тарихий шахслар, тарихий воқеалар ҳақидаги мақолани давом эттирган ҳолда бугун Куба озодлик инқилобининг 62 йиллик тарихи ва ўзини гаваналик Бонапарт санаган, қисқа фурсатда ҳарбий карьера қилишда омади келган диктатор Фулхенсио Батиста режимининг ағдарилиши ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳокимият сари қадам
1 январь 1959 йил санасида ака-ука Кастро ва Чегевараларнинг ҳарбий инқилоби натижасида Фулхенсио Батиста Кубадан қочиб кетишга эришди. Португалияда таъқибда ва қувғинда юрган Батиста бир инглиз журналистининг «Нимадан кўпроқ қўрқасиз?» деган саволига «Душманларим ўқи пешонамдан дарча очишидан», дея жавоб берди. Журналистнинг «Кубага қайтасизми?» деган саволига эса «Фидель Кастро ақлдан озган одам-ку, бундай одамга ишониб бўлмайди», деб айтган эди.Бўлғуси диктатор 1901 йилда Кубанинг Банес шаҳарчасида Кармела Салдивар Гонсалес ва Белисарио Батиста Палермо оиласида дунёга келди. Отаси ўз фарзандига фамилиясини беришни унчалик ҳам истамагани боис уни Рубем Салдивар деб атай бошлашди. Диктаторнинг ўзи эса сандиғидаги сирларини ошкор этишни истамасди. 1939 йилдаги сайловлар арафасида бўлғуси диктатор Фулхенсио Батиста исми билан боғлиқ маълумотлар ошкор бўлмаслиги учун 15 минг доллардан воз кечишга мажбур бўлди.
Батиста оиласи қашшоқликда кун кечирар, болалигидан шакарқамиш плантацияларида тун-у кун меҳнат қилар экан, ном қозониш, бой бадавлат ҳаёт кечириш ҳақида орзу қиларди. Кечки мактабни тамомлагач, ҳарбий хизматга ёлланди ва 12 йиллик хизмати давомида унинг лавозими сержантлик рутбасига кўтарилди. Батиста эса умри ўтиб кетаётганини ҳис қилар, арзигулик совринга эришиш учун ҳаракат қилиш лозимлигини яхши англарди.
Куба бу даврда бирин-кетин содир бўладиган инқилоблар ва давлат тўнтаришларининг асосий бош майдонига айланганди. Испанларнинг зулмидан халос бўлган орол АҚШнинг исканжаси остига тушиб қолганди. Куба президенти Херардо Мачадонинг бошқарув тизимидан норози бўлган Батиста ҳарбийлардан иборат касаба уюшмаси ташкил қилди ва шу билан биргаликда «Колумбия ҳарбий иттифоқи» деб номланган махфий ташкилот тузди.
Бундан мақсад давлат раҳбаридан ўч олиш эди. Исён бошланди. Исён натижасида Херардо Мачадо қочиб кетишга мажбур бўлди. Мазкур сержант инқилобидан сўнг Батиста ўзини Наполеон Бонапарт билан бир қаторга қўя бошлади. Ўз яқинлари билан суҳбатлари чоғида 1933 йилнинг сентябридаги воқеаларни «18 брюммер», 1952 йил мартидаги воқеаларни Наполеон Бонапартнинг Эльба оролидан қайтиши натижасида ҳокимиятни қўлга киритишига тамсил қила бошлади.
Инқилоб амалга ошди. Батиста энди АҚШга нисбатан лоял эканини исботлаши ва кўмак олиши кераклигини тушунди. Эртаси куни Батиста АҚШнинг Кубадаги элчиси Жефферсон Каффери ҳузурига борди. Элчи давлат департаментига ёзган мактубида исёнчиларнинг аниқ бир режаси йўқлигини, аммо улар АҚШнинг кўмагига эҳтиёж сезаётгани ҳақида хабар йўллайди. АҚШ Батистанинг интилишларини ёқлайди.
Ташрифдан сўнг Батистага полковник рутбаси берилди ва «Куба халқининг фаровонлиги учун сидқидилдан хизмати учун» дея қўшимча ҳам қилинди. Мазкур воқеадан сўнг Батиста бутун инқилобий кучлар генштабига раҳбарликни ҳам қўлга киритгани ҳам эътиборга молик воқеа бўлди. Батиста ҳукумат раҳбари бўлмаса-да, у мамлакат президентлари ва вазирларини қўлқоп ечгандай алмаштира бошлайди. Бир неча йил ичида у тўрт марта мамлакат раҳбарини алмаштиришга улгурди.
1930 йилларнинг охирига келиб Батистада «ўзим ҳам президент» бўла оламан деган фикр пайдо бўлди. Навбатдаги сайловларда ишончли ғалаба қозонди. Аммо 1944 йилдаги сайловларда кўпчиликнинг кутмаган иши содир бўлди – Батиста сайловларда мағлубиятга учради. Тушкунликка тушган Бонапарт АҚШга ғамларини аритиш учун қочиб кетди. 1952 йилда мамлакатга қайтиб, сенатор сифатида иш бошлади. Орзу эски, ният баланд эди. Орзунинг амалга ошиши учун яна бир ҳарбий инқилобга зарурият бор эди. Тонгда Куба президенти Карлос Прио Сокаррас Батистадан мактуб олади. Мактубда «Сени муҳлатинг битди, ҳукумат энди менман» жумласи битилганди.
Гавана – кубача Лас Вегас
Армия диктатор тарафида эди. АҚШ президенти Гарри Трумен Батистанинг сиёсий ҳокимиятини тан олди. Ҳокимиятда ўрнашиб олган Батиста конституцияни бекор қилди, парламентни тарқатиб юборди, Совет Иттифоқи билан дипломатик муносабатларни тўхтатиб қўйди ва июнь ойига белгиланган президентлик сайловларини бекор қилди. Мамлакатда ҳар қандай норозилик намойиши куч билан бостирилди.Батиста даврида америкалик уюшган жиноятчилик гуруҳлари оролдаги қимор ўйинлари ва сайёҳлик марказларини ўз назоратига олди. Жиноий гуруҳлар оролда меҳмонхона, ўйинхоналар ва ресторанлар қура бошлади. Мамлакатда ёш қизларни ўғирлаш кучайди, оқибатда, фоҳишабозлик бизнеси ҳам гуркиради. 1950 йилларга келганда Кубада саккиз ярим мингдан ортиқ фоҳишахоналар фаолият юритаётгани қайд этилди.
АҚШ Куба иқтисодиётининг 70 фоизидан ортиқ қисмини ўз назорати остига олди. Аҳолининг 0,5 қисмини ташкил қилган бойлар қўлида ер мулкларнинг 35 фоизи жамланди. Деҳқонлар бойлар мулкида ишлашга мажбур бўлиб қолди. Батиста ва унинг амалдорлари соққани қилар, аҳоли турмуш тарзи эса йилдан йилга ёмонлашиб, қашшоқлашиб борарди. 1954 йилдаги навбатдаги сайловларда Батиста яна ғалаба қозонади. Унинг жўралари ва ҳамтовоқлари диктаторга олтин унитаз ва олтин телефон совға қилди.
Пичоқ суякка бориб тақалган вазият
Батиста танлаган йўл оддий кубаликларнинг тоқатини тоқ қилган эди. Вашингтон ҳам Батистанинг танлаган сиёсатидан норози бўла бошлади. Шунда Фидель Кастро бошчилигидаги инқилобчилар режимга қарши бош кўтарди. Ҳукумат инқилобий қўшинларни бостирди ва қамоққа ташлади. Бошқалар эса дорга осилди, кўзлари ўйиб олинди, озодсан дея кетаётган инқилобчилар ортидан ўқ узилди. Батиста АҚШ танқидидан сўнг инқилобчиларга нисбатан юмшоқроқ сиёсат юритди. 1955 йилги амнистия туфайли Фидель Кастро ва унинг сафдошлари қамоқдан озод қилинди. Аммо бу ҳам келажакда Батиста режимига нисбатан юзага келган алам ва исён руҳини сўниши учун асос эмасди.Ҳукумат исёнчиларнинг чиқишларини бостиришга уринса-да, ғишт қолипдан кўчган ва халқнинг диктаторга ҳамда унинг ҳамтовоқлари бўлган уюшган жиноятчилик тўдаларига нисбатан нафрати чексиз эди. Кастро бошчилигидаги гуруҳлар бирин-кетин ғалаба қозона бошлади. Расмий Гавана эса ҳокимият тепасига қўғирчоқ Андрес Риверони олиб келишга уринди. Бироқ Батиста кеч қолганди.
1958 йилда Батиста Гаванадаги президент саройида ўзининг энг сўнгги Янги йил оқшомини ўтказди. Батиста ўзини мамлакатда ҳеч қандай тартибсизлик содир бўлмаётгандек тутди. Аслида, Фидель Кастро етакчилигидаги кучлар аллақачон пойтахт сарҳадларига қадам босганди.
Айни шу оқшомда диктатор ва унинг оиласи минган автоуловлар карвони пойтахтдаги ҳарбий аэродромга йўл олганди. Гаванадан ўша оқшомда тўрт ҳарбий учоқ парвоз қилди. Диктатор яқин сафдошларининг хотирлашича, Батистада қаерга қочиш ҳақида аниқ бир фикр бўлмаганди. Шу сабабли у даставвал Доминикан Республикасига боришга қарор қилди.
Доминика Республикасида Фулхенсио Батиста узоқ вақт қола олмади ва қисқа фурсатдан кейин Португалияга равона бўлди. Португалиядаги қисқа муддатли ташрифдан кейин диктатор Батиста диктатор Франко Испаниясидан муқим бошпана топишга эришди.
Айрим манбаларга кўра, Батиста мамлакатдан чиқиб кетиш чоғида ўзи билан керагида ортиқ олтин ёмби ва қимматбаҳо санъат асарларини олиб чиқиб кетганини ва бу собиқ диктаторнинг Испанияда қашшоқлик нима билмай ҳаёт кечиришига имкон бергани ҳақида сўзлайди. Куба эса Фидель Кастро етакчилигидаги коммунизм қуришга аҳд қилди ва АҚШ биқинида 1 январь куни Озодлик ороли куни сифатида нишонланди. Фидель Кастро Кубани қандай қурди, деган савол жавоби эса бошқа мавзу ҳисобланади.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)