Маълумки, Англия Премьер Лигаси дунёнинг энг кучли чемпионати ҳисобланади. Ҳар ҳолда шундай ҳисоблашади. Бироқ у ерда маҳаллий яъни, инглиз футболчилар ҳар доим ҳам муваффақиятли ҳаракат қилавермайди. Аммо бу уларнинг сони умуман йўқ дегани эмас. Айнан мана шундай юқори даражадаги рақобатда «йўқолиб» қолмасдан ўз мавқейини сақлаб турган кам сонли англиялик футболчиларидан бири, бу Раҳим Стерлингдир. Даставвал, «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қилган Раҳим мана бир неча йилдирки, Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити»нинг етакчиси ҳисобланади, етарли даражада мухлислар ҳам орттирди. Қуйида эса унинг мухлислари ва умуман футбол ихлосмандлари учун Стерлингнинг қандай ҳаёт кечириши ҳақида ҳикоя қилиб берамиз.
Уйлари
Стерлингнинг уйи анчагина обрўли саналган Чешир графлигида жойлашган. У ерда Манчестер клублари ва «Ливерпуль»нинг кўплаб футболчилари истиқомат қилади. Уйнинг тахминий қиймати 3 миллион еврони ташкил қилади.
Шунингдек, у 2017 йилда Испанияда Ўрта Ер денгизи соҳилидан 5 миллион долларга уй сотиб олган. Бундан ташқари унинг Ямайкада ҳам кошонаси борлиги ҳақида маълумотлар бор.
Машиналари
Стерлинг ўз профессионал фаолиятини анча олдин бошлаган, ҳозир у 26 ёшда. Шу боис унинг улкан автопарки мавжуд. Smart, Range Rover, Porsche Cayenne Turbo, Audi Q7, Audi А7, Mercedes С63 AMG, Bentley Bentayga, Bentley Continental GT каби «тойчоқ»лар Стерлингнинг ихтиёридадир.
Шахсий ҳаёти
Раҳим Пейж Милиан билан умр йўлларини боғлаган. Раҳим илк бор 17 ёшида ота бўлган. Шунингдек, унинг икки нафар ўғил фарзанди бор.
Дўстлари
Стерлинг одатда бўш вақтини оила даврасида ўтказади ва ўзини фарзандлари тарбиясига бағишлайди. Шунга қарамай, у «шаҳарликлар» сафида Габриэль Жесуз, Лерой Сане (ҳозирда «Бавария» шарафини ҳимоя қилади) ва Серхио Агуэро билан илиқ муносабатларга эга.
Даромади
Раҳимнинг «Сити» таркибидаги бир ҳафталик маоши 300 минг фунтни ташкил қилади. Бундан ташқари Стерлингга кўплаб жаҳон брендлари реклама шартномалари таклиф қилиб келади. Турли маълумотларга кўра, унинг Nike, Adidas ва Puma (маълум вақтларга мўлжалланган) компаниялари билан миллионлаб долларлик (евро) битимлари бўлган.
Бошқа мақолалар: