Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида уч нафар фуқаро ис газидан заҳарланиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Дарё»га Когон шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ғайрат Тоғаев хабар берди.

Таъкидланишича, воқеа 23 декабрь, чоршанба куни содир бўлган.

Когон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига 2020 йил 23 декабрь куни соат 16:50 да шаҳардаги «Хўжабарги» маҳалласи, Фаровонлик кўчасидаги 120-хонадонда ис газидан заҳарланиш оқибатида она ва унинг икки нафар фарзанди вафот этгани ҳақида хабар берилган.

Масъулларнинг воқеа жойига бориб, ҳолатга ойдинлик киритишича, хонадондаги иситиш печининг мўриси мато билан тўсиб қўйилган ва бу ўз-ўзидан ис гази тутунининг ташқарига чиқиб кетишига тўсқинлик қилган. Оқибатда уй ичкарисида ис гази тўпланган ва хонадон эгаси Н.Қ. ва унинг тўрт ёшли ўғли Б.Ҳ., икки ёшли қизи С.С.нинг ис газидан заҳарланиб вафот этишига сабаб бўлган.

Она ва болаларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган ва алоқадор шахслардан тушунтириш хати олинган. Шунингдек, Когон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда 13 нафар ўсмир ис газидан заҳарлангани, кейинчалик уларнинг аксариятига шифохонадан уйига рухсат берилгани хабар қилинганди. Севимли каналининг «Zamon» информацион дастури мухбирига интервью берган шифокор Ўрол Шаминовнинг маълум қилишича, шифохонага олиб келинганларнинг аҳволи дастлаб ўта оғир бўлган. Айни вақтда бир бемор токсикология бўлимига ўтказилган, 2 нафар беморнинг аҳволи қониқарли.