Туркия меҳмонхоналарида Янги йил муносабати билан кўнгилочар дастурларни ўтказиш тақиқланди, деб ёзади «РБК» Туркия ички ишлар вазирлигининг меҳмонхоналарда сайёҳлар учун Янги йил байрамини ўтказиш тартиби тўғрисидаги хабарига таяниб.

Фото: «Knews.кг»

Идорада таъкидлашларича, яқинда баъзи меҳмонхоналар коронавирусга қарши кураш доирасида қабул қилинган ва бундай тадбирларни ўтказишни тақиқлайдиган чораларга қарамасдан, таомлар ва мусиқий кўнгилочар дастурларни ўз ичига олган Янги йил пакетларини реклама қилган ва сотувга қўйган.

Шу муносабат билан хабарда қуйидаги ҳолатлар алоҳида қайд этилади:

  • Меҳмонхоналарда ва уларнинг ресторанларида Янги йилни нишонлаш тақиқланади. Гап баллар, бошловчилар ва мусиқачиларни ўз ичига олган кўнгилочар дастурлар, базмлар, шоулар ва гала-зиёфатлар ҳақида бормоқда.
  • Бундай тадбирларни реклама қилиш ва Янги йил тадбирларини ўз ичига олувчи турларни сотиш тақиқланади.
  • Мусиқа ва рақслардан иборат ҳар қандай кўнгилочар дастур тақиқланади (22:00 га қадар ҳам), 22:00 дан кейин меҳмонхоналарда мусиқа янграмаслиги керак, шу жумладан, ресторанларда, яшаш хоналарида ва бошқа залларда ҳам.
  • Меҳмонхоналарда ва уларнинг ресторанларида одамлар тўпланиши тақиқланади.

Туркияда 21 ноябрдан дам олиш кунлари комендантлик соати амал қилиб келмоқда. Дастлаб чекловлар фақат кечки ва тунги вақтларга тааллуқли эди, аммо 30 ноябрдан кеча-ю кундуз амал қилмоқда. Қоидабузарлар жаримага тортилади.

Дам олиш кунлари комендантлик соати эълон қилинганидан кейин Туркия ИИВ бу чоралар сайёҳлар учун амал қилмаслигини билдирди.

1 декабрдан эса Туркия ҳукумати меҳмонхоналардаги ресторанларнинг ишлаш қоидаларини қатъийлаштирди. Ўшанда мамлакат ИИВ меҳмонхона мажмуаларида жойлашган кафе ва ресторанлар фақат шу меҳмонхона мижозларига хизмат кўрсатиши мумкинлигини айтиб, уйга олиб кетиш учун таомлар сотишни тақиқлаб қўйганди. Бундан ташқари, ресторанларда ва ҳар қандай концерт биноларида 22:00 дан кейин ҳеч қандай мусиқий тадбирлар ўтказилиши мумкин эмас, деб белгиланди.

Россия сайёҳлик агентликлари альянси ижрочи директори Наталия Осипова бу чекловларни изоҳлар экан, киритилган чораларнинг аксарияти Россиядан ташкил қилинган турларга тегишли эмаслигини айтди ва буни турагентдан аниқлаштиришни тавсия қилди.

14 декабрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Янги йил байрамлари даврида — 31 декабрь куни соат 21:00 дан 4 январь соат 05:00 га қадар мамлакатда комендантлик соати амал қилишини эълон қилди. «Биз аввалроқ кўрган чора-тадбирлар шарофати билан COVID-19’га алоқадор беморлар ва ўлимлар сони бошқа мамлакатлардагига нисбатан жиддий равишда пасаяётганини кузатяпмиз», — деди Эрдўғон.