Асли полшалик бўлган талаба қиз Мария Склодовска Сорбоннада таҳсил олиш жараёнида домласи, француз физиги Пьер Кюри билан турмуш қурди. Жуфтлик жуда кучли назарий тайёргарликка эга олимлар оиласи бўлиб шаклланди ва замонасининг энг долзарб илмий масалалари билан шуғуллана бошлади. Шундай янги долзарб илмий масалалардан бири бўлган радиоактивлик ҳодисасини ўша пайтларда Анри Беккерель кашф этган эди ва мазкур сирли ҳодисасининг моҳиятини ўрганишга кўплаб физиклар қатори Пьер ва Мария Кюрилар ҳам киришиб кетди. «Дарё» радий элементи кашф қилинганига 122 йил муддат тўлгани муносабати билан кашф этилиши тарихи ҳақида маълумот беради.
Беккерелнинг ўзи радиоактивлик ҳодисасини уран элементини тадқиқ қилиш орқали кашф этди. Шу туфайли эр-хотин Кюрилар ҳам ўз хонадонидаги эски омборхонада уран минералининг катта миқдорини синчиклаб текширишни бошлади. Бу мақсад учун улар Чехиядаги Йоахимстал конидан чиқинди сифатида ташлаб юборилган бир неча тонна настуран моддасини келтириб, ўз омборларига тўккан эди.
Текширишларда улар ғалати бир аномалияга дуч келди: Йоахимсталдан келтирилган ушбу уран минерали оддий урандан кўра кучлироқ нурланиш тарқатаётгандек эди. Аввалига Кюрилар бу минералда яна бир бошқа радиоактив модда – торий кўпроқ бўлса керак деб ўйлади. Лекин изланишлар унда торий мавжуд эмаслигини кўрсатди.
Шундан кейин Мария Кюрининг хаёлига муҳим бир фикр келиб қолди ва у ушбу кучли нурланишни ҳали фанга номаълум бўлган бирор янги кимёвий элемент тарқатаётган бўлиши мумкин дея тахмин қилди. Омборхонадаги узоқ муддат машаққатли меҳнатдан кейин 1898 йилнинг худди шу санасида Пьер ва Мария Кюри ҳақиқатан ҳам ушбу руда таркибида ҳали фанга маълум бўлмаган радиоактив элементлар мавжудлигини аниқлади.
Эр-хотин олимлар бу ҳақида дарҳол батафсил илмий маъруза тайёрлаб, Франция Фанлар академиясига тақдим қилди ва кашфиётдан беш кун ўтибоқ, яъни 1898 йилнинг 26 декабрь санасида улар Фанлар академиясида катта маъруза қилиб, олинган натижаларни илм аҳли ҳукмига ҳавола қилди.
Анъанага кўра, ушбу янги элементларни очган эр-хотин Кюрилар кашшоф сифатида ўзлари истаган номни беришлари мумкин эди. Шу сабабли улар Академиядаги маърузада ўзлари ўйлаб топган номларни ҳам таклиф қилди. Унга кўра, янги очилган радиоактив элементлардан биринчисига Мария Кюрининг ватани – Польша шарафига полоний деб ном беришган бўлса, иккинчисини радий деб номлашди. Номнинг маъноси лотинчада «нур» деган маънони билдиради. Яъни бу орқали олима мазкур элементдан кучли нурланиш чиқишига урғу қаратган, деган фикр мавжуд.
Элементларга бундай ном берилиши ҳақида фан тарихига оид манбаларда қизиқ бир ҳикоя келтирилади. Айтилишича, Мария Кюри Адам Мицкеевич исмли шоирнинг шеърларини севиб мутолаа қилган экан. Шунингдек, олима бу пайтда чор Россияси таркибида бўлган ватани Польшанинг мустақил бўлиши орзуси билан яшади. Шу сабабли ҳам халқаро ҳамжамият эътиборини Польша халқи озодлиги масаласига тортиш учун янги элементлардан бирига полоний деб ном берди.
У Польша озодлиги ҳақида жўшқин шеърлар ёзадиган Мицкеевичнинг шеърларидан бирида «яхши одамлар чеҳрасидан нур таралиб туради», деган мисралардан ҳам қаттиқ таъсирланиб, шу сабабли иккинчи, кучлироқ радиацияли элементга «нур» маъносини берувчи номни қўйган дейилади.
Янги кашф этилган ушбу икки элементдан айнан радий кўпроқ машҳурликка эришди, десак асло муболаға бўлмайди. Аввалига ушбу элементни олишнинг жуда қийинлиги ва унинг камёблиги нуқтаи назаридан радий ўта қимматбаҳо модда саналган ва бойлик манбайи сифатида қаралди. Ҳақиқатан ҳам ҳисоб-китобларга кўра, ўшанда Кюрилар бир грамм тоза радий олиш учун бир неча вагон уран рудасини қайта ишлашларига тўғри келган экан ва бу жараён учун 100 вагон кўмир ҳамда 100 цистерна сув ишлатишди. Умуман олганда, 1910 йилларда радийнинг бир грамми 180 минг АҚШ доллари деб баҳоланди. Маълумот учун, ўша пайтда бу пулга 160 кг тилла сотиб олиш мумкин эди!
Радийни олиш сал осонлашганидан кейин, олимлар ва врачлар радий воситасида турли касалликларни даволаш, ҳатто радийли косметика воситаларини ишлаб чиқаришни ҳам бошлаб юборди. 1910–1920 йиллар орасида дунё «радий васвасаси»га йўлиқди, десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки ўша пайтларда кучли реклама ва тарғибот кампаниялари туфайли одамларга радийни гўёки ҳар қандай касалликка даво бўладиган сеҳрли модда деб тақдим қила бошлашди ва бирор маҳсулот ичида радий борлигини айтиб сотиш модага айланди. Ишонасизми, ҳатто радийли тиш пасталари ҳам сотувда пайдо бўлди.
«Радий васвасаси» қанчадан-қанча одамларнинг саломатлигида жиддий ва хатарли ўзгаришлар келтириб чиқарганини ҳозир ҳеч ким аниқ билмайди. Даврий жадвалда 88-рақам билан қайд этилувчи ушбу радий элементи жуда кучли нурланиш манбайи бўлиб, одамда кучли кимёвий куйиш ва саратон касалликларига сабаб бўлди! Буни шундан ҳам билиш мумкинки, ўшанда радийни кашф қилган ва устида синчиклаб текширишлар ўтказган Мария Кюрининг ўзи ҳам айнан шу туфайли олинган нурланиш касаллиги сабабли вафот этди. Мария Кюрининг иш олиб борган лабораторияси ва унинг қайд дафтарларидан ҳозирда ҳам кучли нурланиш таралиб туради ва ҳануз атрофдагилар учун зарарлидир.
Айтиб ўтиш жоизки, радий кашф қилинганидан бери бугун мана нақ 122 йил муддат ўтган бўлса, шу пайтгача дунё бўйича атиги 1,5 кг атрофида радий ишлаб чиқарилди холос. У жуда камёб элементлар сирасига киради. Радий ва полоний элементларини кашф этгани учун Мария Кюри 1911 йилги кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)