АҚШ Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати бўйича бошқармаси (FDA) 18 декабрь куни Moderna фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинани мамлакатда қўллаш учун рухсатнома берди, деб хабар қилади бошқармага таяниб «Интерфакс».

Фото: Grand Photo

Вакцина 18 ва ундан катта ёшдагилар учун маъқулланган. FDA Moderna томонидан тақдим этилган ҳужжатлар вакцинанинг самарадорлигини тасдиқлайди ва унинг афзалликлари камчиликларидан устун деб ҳисоблайди.

«COVID-19’нинг олдини олиш учун иккита вакцинадан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали FDA глобал пандемияга қарши курашда яна бир муҳим қадам ташлади», – деди бошқарма раҳбари Стивен Хан.

Вакцинанинг самарадорлиги ишлаб чиқувчи ва FDA ҳисоботига кўра, 94 фоиздан юқори деб баҳоланган.

Илгари FDA экспертлар гуруҳи Moderna вакцинасидан фавқулодда фойдаланишга рухсат беришни тавсия қилганди. Bloomberg хабарига кўра, 20 нафар мутахассис вакцинани ёқлаб чиқишди, биттаси бетараф қолди. Ҳеч ким қарши овоз бермади.

Вакцина икки дозадан иборат. Иккинчи доза биринчисидан 28 кун ўтгач қабул қилинади. Вакцинани, тахминан, -20 даража ҳароратда сақлаш керак. Бундай шароитда у олти ойгача сақланиши мумкин.

Moderna вакцинаси Қўшма Штатларнинг шимоли-шарқидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан Ирвинг, Техас штатидаги тарқатиш марказига, сўнгра касалхона ва дорихоналарга етказилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда коронавирусга қарши эмлаш расман 14 декабрь куни бошланди. Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари (CDC) маълумотларига кўра, 2020 йил охиригача Америка ҳукумати 40 миллион кишини эмлашни режалаштирмоқда.

1 декабрь куни Moderna АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларининг Санитар назорати бошқармасига (FDA) коронавирус вакцинасидан фавқулодда фойдаланиш учун ариза юборганини эълон қилганди. Аввалроқ унинг самарадорлиги дастлабки таҳлилда 94,1 фоиз, касалликнинг оғир шаклида эса 100 фоиз самарадорлик кўрсатгани маълум қилинганди.

Аввалроқ Pfizer ва BioNTech томонидан ишлаб чиқилган вакцина АҚШда фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.