Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тоғли Қорабоғдаги урушда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳақида янги маълумотларни эълон қилди, уларнинг сони 2996 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
«Суд-тиббий экспертизадан 2996 нафар ҳалок бўлган ҳарбийнинг жасади ўтказилган. Уруш бошидан ҳозирги пайтгача қариндошлардан 1816 та, ҳалок бўлганларнинг жасадларидан эса 993 та ДНК намунаси олинган. Жасадлар шахсини ДНК асосида аниқлаш ишлари давом этмоқда», — дея маълум қилинган вазирлик томонидан.
Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 декабрда 2718 нафар ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ҳақида хабар берган. Маълум қилинишича, ҳали ҳалок бўлганларнинг барчаси йўқотишлар рўйхатига киритилгани йўқ.
Аввалроқ тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг Мудофаа вазирлиги уруш бошланганидан буён 1779 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини маълум қилган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги декабрь ойининг бошида жанговар ҳаракатлар давомида 2783 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани, яна 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи бедарак йўқолган деб ҳисобланаётгани ва госпиталларда 1245 нафар ҳарбий даволанаётганини маълум қилганди.