Шавкат Мирзиёев Урганчдаги «UzXCMG» қўшма корхонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди, дея хабар қилмоқда Президент матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, ушбу корхона 2014 йилда фаолият бошлаган. Эндиликда уни 3 босқичда ривожлантириш режалаштирилган. Дастлаб қишлоқ хўжалиги техникаларини йирик бўғинли йиғиш, иккинчи паллада саноат усулида йиғиш, учинчисида эса ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш мўлжалланган.
Шу мақсадда 2020 йилда Хитойнинг «XCMG» корпорациясидан 4,3 миллион долларлик технологик йиғув линияси ва ускуналар олиб келинган. Мазкур энергия тежамкор технология маҳсулот таннархи пасайиб, рақобатбардошлиги ошишига хизмат қилади. Импорт деталлар ўрни тўлдирилиб, маҳаллийлаштириш даражаси 2021 йилда 51 фоизга етказилади. Шунингдек, ҳозир бу ерда 30 киши меҳнат қилаётган бўлса, келгусида яна 60 та иш ўрни яратилади.
Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги машиналари йиғув-пайвандлаш ускуналарини, маҳаллийлаштирилган техника ва эҳтиёт қисмларни кўздан кечирди.
«Бу заводнинг имкониятлари жуда катта. Лекин уларни ишлатолмаяпмиз. Шунинг учун бу ерда яна нималар чиқариш мумкинлигини ва келгуси йилларда чет элдан қандай техникалар сотиб олишга эҳтиёж борлигини чуқур таҳлил қилиб, уларни шу ерга буюртма бериш, имконсизларини кооперация асосида тайёрлаш зарур. Бу завод ривожланиб, Хоразм индустриясига асос бўлиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Хоразмда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари ҳам кўздан кечирилди.
Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм ташрифига оид бошқа хабарлар:
- Шавкат Мирзиёев бешинчи авлод технологиясига эга замонавий иссиқхонани бориб кўрди
- Ўзбекистонда энди туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради
- Шавкат Мирзиёев маҳсулотларининг 75 фоизи экспортга йўналтирилган текстиль корхонаси билан танишди