АҚШ 2018 йилда Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича вазият «алоҳида хавотирли» давлатлар рўйхатидан, 8 декабрь куни эса «махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарди.
Ўзбекистоннинг бу рўйхатга киритилишига нима сабаб бўлган? Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов 10 декабрдаги АОКА ҳузурида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу саволга жавоб қайтарди.
«Ўзбекистон 2006 йилдан бошлаб бу рўйхатга киритилган. 2006 йил нега бу рўйхатга тушганимизни ҳаммамиз яхши биламиз. Бунинг сабаблари бўлган.
Шу вақтдан буён Ўзбекистонга нисбатан бошқача бир тасаввурда бўлиб келинган. Ўзбекистон ўшанда ҳам масжидлар ёки бошқа диний ташкилотларни очиш ёки рўйхатга олиш борасида тақиқ қўймаган. Талабга кўра, муайян ишларни амалга оширган, фақат талаблар ва чекловлар кўпроқ бўлган бўлиши мумкин.
Лекин сўнгги 4 йил ичида бевосита рўйхатга олиш бўйича енгилликлар бўлгани ёки айрим чекловлар бутунлай олиб ташлангани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилди», – деди Музаффар Комилов.
https://youtu.be/Mn29DjKWi5c?t=3283
Айни пайтда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилмоқда. Август ойида қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси эълон қилинди. Сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Қонун лойиҳасига кўра, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилади, рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи бекор қилинади. Шу билан бирга, амалдаги қонуннинг 14-моддасидаги, фуқароларнинг (диний ташкилотлар хизматчиларидан ташқари) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги банд чиқариб ташланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда диний ташкилотлар тузишни соддалаштириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.