Ўзбекистонда кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб ҳар йили бир марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида кураш бўйича «Ўзбек полвони» республика мусобақаси ўтказилади. Бу ҳақда 1 декабрь куни АОКАда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.

Камолиддин Усмонов

Фото: UzReport ТV

«Кураш – халқаро спорт тури сифатида эътироф этилди. «Кураш», «ҳалол», «таъзим», «тўхта» ва «ёнбош» каби ўзбек атамалари эса халқаро спорт луғати таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллади. 1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Халқаро кураш ассосиацияси бугунги кунда сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 130 дан зиёд давлатдаги кураш федерацияларини бирлаштирган», – деди Ўзбекистон кураш федерацияси раиси ўринбосари Камолиддин Усмонов.

Шунингдек, Президентнинг «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4881-сонли ушбу қарорида кураш бўйича нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил қилиш, миллий спортнинг мавжуд инфратузилма ва моддий-техник базасини модернизация қилиш, спорт инвентарлари ва кийим таъминотини яхшилаш, бу борада ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шунингдек, соҳани малакали кадрлар, тренер, ҳакамларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда уларни тайёрлашга бўлган эътиборни янада кучайтириш белгиланган.

Қарорга мувофиқ кураш миллий спорт турини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш;
  • курашни оммалаштириш, унинг жаҳон спорти дурдонасига айланишига ва Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш;
  • кураш билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш;
  • Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш;
  • кураш бўйича профессионал тренерлар, ҳакамлар тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, курашнинг илмий-методологик базасини кучайтириш;
  • ўзбек кураши брендини яратиш, инвестицияларни жалб этган ҳолда яктак спорт кийимлари ва кураш гиламларини ишлаб чиқариш, курашни тижоратлаштириш чораларини кўриш;
  • 2021–2025 йилларда вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида инновацион технологияларга асосланган, арзон, энергия тежамкор ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қуриладиган ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Вазирлик ҳузуридаги кураш маҳорат мактабларини босқичма-босқич ташкил этиш қайд этилган.

Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида олий таълим муассасалар талабалари ўртасида кураш бўйича халқаро мусобақа ўтказилиши белгиланган.