«Ўзгидромет» синоптиклари қишнинг биринчи ойида кутилаётган об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, декабрь қиш фаслининг биринчи ойи бўлса ҳам, лекин энг совуқ давр ҳисобланмайди. Ой давомида совуқ ва иссиқ тўлқинлар кузатилади. Ҳаво сезиларли совиганда кўпинча декабрь ойларида минимал ҳарорат 11-16 даража совуқ тушади.

Декабрда ҳарорат 0-5 даража совуқ бўлиши мумкин. Иссиқ тўлқин кузатилганда ҳавонинг максимал ҳарорати 14-19 даража илиқ, айрим ҳолатларда эса 22-27 даражагача кўтарилиши мумкин.

Таққослаш учун, бутун метеорологик кузатувлар даврида Тошкентда энг совуқ декабрь ойларида тунда ҳарорат 20-23 даража совуқ бўлган. 1930 йил декабрь ойида эса 27-29 даража совуқ тушгани қайд этилган.

Охирги 10 йил ичида Тошкентда 2011, 2012 йилларда декабрь ойида энг паст ҳарорат 13 даража совуқни ташкил қилган бўлса, шу ойдаги энг юқори ҳарорат (2012, 2013, 2016 йилларда) 23 даража кўтарилган.

Дастлабки баҳоларга кўра, бу йилги декабрь ҳарорат кўрсаткичлари бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда.

Ой давомида ҳароратнинг кечаси 0-5 даража совуқдан 2-7 даража илиқ, кундузи 0-5 даража илиқдан 10-15 даража илиқ ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолида тунда 8-10 даража совуқ бўлиши мумкин. Ойнинг иккинчи ярмида эса 12-15 даража совуқ бўлиши мумкин.

Декабрда ёғингарчилик ёмғир қор кўринишида бўлади. Ўзбекистон бўйича ёғинли кунлар ўртача 5 кундан 13 кунгача ташкил қилиши мумкин. Бир кеча кундузда максимал ёғинлар миқдори суткалик меъёрдан анча кўп бўлиши мумкин. Охирги 10 йил ичида намгарчилик кўп бўлган декабрь 2013, 2016, 2019 йилларда қайд этилган, масалан, 2019 йил 22 декабрда максимал суткалик ёғинлар миқдори Тошкентда 34 миллиметрни ташкил қилган.

Декабрда ёғинлар миқдори меъёрида, айрим жойларда меъёрдан юқори, шимолда эса айрим жойларда меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда (Тошкентда декабрь ойи учун ёғинлар 59 миллиометрни ташкил қилади). Ёғингарчилик ой давомида вақти-вақти билан кузатилади.