Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон Молия вазирлиги «Солиқ сиёсатининг 2021 йилга мўлжалланган асосий йўналишларини қабул қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тайёрлади. Унда 2021 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкаларини сақлаб қолиш, акциз солиғи, ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаларини Солиқ кодексига киритиш, 73 хил товарга акциз солиғини бекор қилиш, экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа чоралар кўзда тутилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

2021 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ҚҚС (15 фоиз), фойда солиғи (15 фоиз, алоҳида тоифалар учун 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи (2 фоиз), қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи (0,95 фоиз), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар — 12 фоиз ва бюджет ташкилотлари — 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ (базавий ставка 4 фоиз) ставкаларинитп сақлаб қолиниши назарда тутилади.

Шу билан бирга, 2021 йилги солиқ сиёсати Солиқ кодексининг тўғридан-тўғри амал қилишини, экспорт қилувчиларни янада қўллаб-қувватлашни, солиқ юкининг адолатли тақсимланишини ва табиий ресурсларидан самарали фойдаланилиш оширилишини таъминлашни назарда тутувчи солиқ ислоҳотларини давом эттиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасида Солиқ кодекси таркибига акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ставкаларини, шунингдек, ушбу ставкаларни қўллаш билан боғлиқ айрим нормалар киритилиши назарда тутилган. 2020 йил учун ушбу ставкалар Ўзбекистоннинг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни билан белгиланган эди.

2021 йил учун ушбу ставкалар қуйидаги тарзда ўзгартирилди:

а) акциз солиғи бўйича импорт ва ишлаб чиқариш учун акциз солиғи аксарият ставкаларини тенглаштириш назарда тутилади. Шу билан бирга, мутлақ миқдорда белгиланган акциз солиғи ставкалари индексация қилинган

(2020 йил 1 апрелдан уларнинг назарда тутилган индексацияси бекор қилинганини ҳисобга олган ҳолда).

Шу муносабат билан, акциз солиғи ставкалари 2021 йил 1 февралдан бошлаб индексация қилинмоқда. Бунда, алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан пивога, шунингдек, тамаки маҳсулотлари учун 2 босқичда: 2021 йил 1 февралдан бошлаб — 2020 йилда уларнинг индексация қилиниши рад этилганлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳамда 2021 йил 1 сентябрдан — ўртача 7,5 фоизга индексация қилинмоқда.

Импорт бўйича 73 та товар позициясига акциз солиғини бекор қилиш таклиф этилмоқда, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари (20 турдаги товарлар (шарбатлар, пишлоқ, творог, маргарин, унли қандолат маҳсулотлари, колбаса ва шунга ўхшаш гўшт маҳсулотлари ва ҳ.к.)), электротехника товарлари бўйича (35 турдаги товарлар: музлатгичлар, телевизорлар, газ плиталари, чангютгичлар, кир ювиш машиналари ва ҳ.к.) ва ҳ.к. Бу тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни таъминлашга имкон беради.

Шунингдек, нефть маҳсулотлари ва бошқа акциз тўланадиган товарлар ва хизматларга қуйидаги солиқ ставкалари белгиланади:

Скриншот: Молия вазирлиги

Скриншот: Молия вазирлиги

«Kun.uz»нинг ёзишича, қонун лойиҳаси билан тушум ҳажмидан қатъи назар қуйидагилар ҳисобига ҚҚС тўлайдиган корхоналар доирасини кенгайтириш назарда тутилган: алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, шунингдек, бозорлар ва савдо комплекслари.

Бу фаолиятни амалга оширишга тенг шароитларни яратиш ва солиқ бўйича ҚҚС тўловчи корхоналардан фойда улушини ушбу солиқни тўламайдиган шахсларга тақсимлаб ўтказиш ҳисобига тушумларни пасайтиришнинг олдини олишга имкон яратади.

Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли фармони билан 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар бўлган даврда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосида ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилган. Ушбу нормани келгусида ҳам сақлаб қолиш ва уни Солиқ кодексида доимий равишда назарда тутиш таклиф этилади.

Қонун лойиҳасида валюта тушуми суммаси тушишидан қатъий назар ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланадиган) ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти назарда тутилмоқда. Бу консигнация (тўловни кечиктириш) шартлари билан экспортга товарларни жўнатишни амалга оширувчи экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашга ва айланма маблағларини банд қилишни олдини олишга имкон беради. Ушбу ҳуқуқ Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 5 майдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ- 5989-сонли фармонига мувофиқ фақатгина тўқимачилик корхоналарида мавжуд эди.

Пенсияларни ҳисоблаш тартибини соддалаштириш мақсадида жисмоний шахсларнинг айрим тоифаси учун ижтимоий солиқ ставкаларини унификация қилиш таклиф этилади. Шундай қилиб, қонун лойиҳасида ўзини-ўзи банд қилган жисмоний шахслар, «Уста—шогирд» мактаблари ўқувчилари — улар 25 ёшга тўлгунига қадар ишлаган даври, деҳқон хўжаликлари, шунингдек, меҳнат шартномаси асосида чет элда ёлланиб ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), Ўзбекистон давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига камида 1 базавий ҳисоблаш миқдорида ижтимоий солиқ тўланишини назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича камайтирилган ставканинг 0,2 дан 0,4 фоизгача ва алоҳида объектлар ва ер участкаларига нисбатан юридик шахсларнинг ер солиғи ставкаларига қўлланиладиган камайтирувчи коэффициентнинг 0,1 фоиздан 0,25 фоизгача оширилиши назарда тутилмоқда. Бу уларни мол-мулк солиғи ва ер солиғининг базавий ставкага босқичма-босқич етказиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, мол-мулк солиғи бўйича камайтирилган ставка ва ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициент аввал солиқ имтиёзлари берилган объектларга нисбатан 2020 йил 1 январдан киритилди. Ушбу чоралар кўчмас мулк объектларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларининг тўлиқ ҳисобини юритишни таъминлаш мақсадида киритилган.

Фермер хўжаликлари учун ягона ер солиғини бекор қилиш билан бирга (2020 йил 1 январдан), ер солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни норматив қийматдан келиб чиқиб солиқ солиш тартиби сақлаб қолинган. Мазкур даврдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари мавжуд бўлган бошқа юридик шахсларга ҳам ушбу тартиб татбиқ этилди. Бунда мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналари (2019 йил 1 январдан) учун ер тоифаси (суғориладиган ва суғорилмайдиган) ва балл бонитетига қараб белгиланган ставкадан келиб чиқиб ер солиғини ҳисоблаб чиқариш тартиби сақлаб қолинган.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга ягона солиқ солиш тартибини белгилаш мақсадида қонун лойиҳасида мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналарини қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар каби ер солиғи ставкасини белгилаган ҳолда ер солиғини ҳисоблаб чиқаришга қайтиш назарда тутилмоқда.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича, алоҳида қурилиш фойдали қазилмалари бўйича ставкалар унификация қилинмоқда. Бунда фойдали қазилма конларини ўзлаштириш ва уларни, айниқса, дарё ўзанларидан, самарали қазиб олишни таъминлашга қўшимча шарт-шароитлар яратади.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси нормаларининг амалий таъсири ва самарадорлигини мониторинг ва таҳлил қилиш доирасида мутахассислар, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, солиқ маслаҳатчилари ва экспертларнинг таклифларидан келиб чиқиб Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Россия бош вазири Мишустин Ўзбекистонга келди (фото)
Дунё
«Дарё»кундалигида 1 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Дунё
Эронда мамлакат терма жамоасининг ЖЧдаги мағлубиятини нишонлаган йигит отиб ўлдирилди