Тошкентда ичида йўловчилар бўлган автобуснинг симёғочга бориб урилиши оқибатида беш киши жароҳат олди, деб хабар беради «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати.
Маълумотларга кўра, 25 ноябрь куни эрталаб соат 07:40 лар атрофида 17Т-сонли йўналишда ҳаракатланаётган, 18-Автобус саройи тасарруфидаги Isuzu йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Автобус Бешқайрағоч кўчаси бўйлаб, Кичик ҳалқа йўли томон ҳаракатланиш вақтида Учтепа тумани 201-уй қаршисида турган симёғочга келиб урилган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи ҳамда 4 нафар йўловчи тан жароҳати олган, шундан сўнг дарҳол барча жабрланганлар шифохонага етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат»нинг Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бошқармаси томонидан хизмат суриштирув ишлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда 116-сонли йўналишда ҳаракатланувчи автобус ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)