Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукуматлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар мавсумий гриппга қарши курашда самарали эканлигини исботлади. Касалликнинг тарқалиши сезиларли даражада камайди. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси томонидан ўтказилган брифингда ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича бош мутахассиси Кетрин Смолвуд маълум қилди, деб ёзмоқда «Korrespondent.net».
«Жанубий яримшардаги грипп мавсуми олдинроқ бошланган мамлакатларда биз COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар грипп тарқалишини камайтиришда самарали бўлганини кўрдик», — деди Смолвуд.
Унинг сўзларига кўра, грипп вируслари тарқалишининг камайиши 2020 йил бошида Европада ҳам кузатилган, ўша пайтда ҳукуматлар COVID-19 пандемияси сабабли карантин жорий этган.
Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийсининг сўзларига кўра, грипп ушбу эпидемия мавсумида йўқ бўлиб кетиши ҳақида гапириш учун ҳали эрта.
Изоҳ (0)