17 ноябрь – «Иван Денисович ҳаётидаги бир кун» асари чоп этилган кун. Ушбу асар буюк рус ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Александр Солженициннинг илк шедевридир. Шунингдек, у илк маротаба Сталин қатағонларини фош этгани билан машҳур.
«Дарё» колумнисти Раҳимжон Қудратов сана муносабати билан асар тақдири ва унинг ёзилиш тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Солженицин ўз хатларида Сталин шахсига оид ҳақоратли фикрлар ёзгани учун 1945 йил қамоққа ташланди ва унинг Гулаг тизимидаги бу илк тажрибаси 1953 йилгача чўзилди. У дўстларига ёзган мактубларида Сталин исмини «хўжайин», «бошлиқ» каби сўзлар билан алмаштирган, қай маънода, юмшатиб ёзган эди. Қамоқдан сўнг сургунга юборилган Солженицин 1957 йилда сургун муддатини тамомлагач, «Иван Денисович ҳаётидаги бир кун» асарини ёза бошлади.
Асарни ёзиб тугатгач, уни дарҳол нашр этишни кўзлаган адиб бир неча журналлардан рад жавобини олди. «Новий мир» журнали муҳаррири Александр Твардовский қўлёзмани ўқиб чиққач, лагердаги ҳаётнинг батафсил тасвиридан ҳайратга тушди ва асарни чоп этиш учун коммунистик партия Марказий қўмитасидан рухсат сўрайди. Ниҳоят, қўмита рухсати билан китоб чоп этилди. Асар 1950 йилларда совет ишчи лагерида ишлайдиган оддий бир маҳбус, Иван Денисович Шуховнинг бир кунлик ҳаёт тарзини тасвирлайди.
Китобда тасвирланган ишчи лагери шимолий Қозоғистондаги Қарағандада жойлашган бўлиб, Солженициннинг ўзи ўша ерда бироз муддат хизмат қилган эди. Сталин қатағонлари шу пайтгача бирор марта очиқ муҳокама қилинмагани сабабли китобнинг чоп этилиши Совет адабиёти учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Асар кенг муҳокама қилиниб, кўплаб танқидларга учради. Баъзи бир танқидчиларнинг фикрига кўра, шу каби кескин руҳда бўлган асарларнинг чоп этилиши Совет Иттифоқининг парчаланишига олиб келган воқеалар занжирини бошлаб берган эди. Ёзувчи ва журналист Виталий Коротич асар ҳақида қуйидаги фикрни билдирган эди:
«Совет Иттифоқи маълумот туфайли парчаланди ва бу маълумотлар оқимини Солженициннинг «Иван Денисовичнинг ҳаётидаги бир кун» асари бошлаб берди».
Енгилган инсон
Асар асосан якка ҳокимият зулми ва лагердаги тирик қолиш мавзусини кўтариб чиқади. Шунингдек, қамоқхона масъулларининг қаттиққўллиги ва бунинг натижасида келиб чиққан ишчилар ўртасидаги адоват мавзуси ҳам асарда батафсил тасвирлаб берилади. Китобхон асарни ўқир экан, Иван Денисовичнинг майда тафсилотларгача изоҳланган ҳаёти орқали кундалик иш тарзи келтириб чиқарган уқубатлар ва оқибатда вақтнинг ўтиши ҳам сезилмаслиги тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиб, қамоқхона даҳшатларини ўз танасида сеза бошлайди.Фақатгина меҳнат билан машғул бўлган ишчиларнинг на бошқа бир иш қилишга, на бошқа мавзуларда фикр юритишга етарли вақти ва кучи қолмайди. Улар учун қамоқхонадаги энг муҳим нарса – тирик қолиш. Тирик қолишнинг энг асосий омили эса бўйсунишдир. Ўз-ўзини ҳимоя қилишнинг ўзи ҳам жазога сабаб бўлади. Ҳатто ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва айбловларни тан олмаслик ўлим каби даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинки, қамоққа тушганларнинг деярли барчаси айбловга қарши чиқишдан қўрқиб, ёлғон маълумотларни бўйнига олгани учун қамалган. Иваннинг қилмаган айбини тан олиш жараёни шундай тасвирланади: «Шухов ҳаммасини тушунди. Агар у қўл қўймаса, уни отишади. Агар қўл қўйса, яшаб кетиш эҳтимоли бор. Шу сабабли, қўл қўйди».
Асар марказида ана шундай таслим этилган инсонлар образи туради. Бундай инсон тамоман лоқайдга айланади. Лагердаги маҳбуслар ҳатто уйига мактуб ёзмайди ҳам. Бунинг сабаби эса қуйидаги иқтибосдан маълум: «Ёзиш чуқур денгизга тош ташлашга ўхшайди. Тош тушаверади, тушаверади… Аммо жавоб йўқ».
Якка шахс азоб-уқубатлари ва оммавий изтироб
Муаллиф қандай сабабга кўра қамоқдаги минглаб маҳбусларнинг ҳаётини эмас, балки якка шахснинг кундалик ҳаётини тасвирлади? Иван бошқаларга қараганда кўпроқ азоб чекканмиди? Албатта, ундай эмас. Адабий нуқтаи назардан олиб қараганда, Солженицин алоҳида қаҳрамоннинг бир кунлик ҳаёт тарзини танлаб жуда ақлли қарор қилган эди. Бир неча кишининг ёки маълум гуруҳнинг ҳаёти ўқувчига биргина инсоннинг ҳаётичалик яқиндан таъсир қилолмайди. Агар адиб кўпчиликнинг изтироблари ҳақида ёзганида қийинчиликларнинг ўзи ҳам умумий касб этган, ўқувчида адиб кўзлаган таъсир ҳосил бўлмаслиги мумкин эди.Инсон табиати шундай, якка шахс бошидан ўтказган машаққатлар доим унинг юрагига яқин бўлган. Чунки бундай вазиятда у ўзини қаҳрамон ўрнига қўйиб кўриши, қийинчиликларни ўз танасида туйиб кўриши мумкин. Иваннинг ҳаёти ўқувчининг онгига кўчиб ўтган нуқта асарнинг муваффақиятини белгилаб берувчи чегарадир. Асарда айтилган «қорни тўқ одам очликдан силласи қуриган одамни қандай тушуниши мумкин?» деган фикрда қанчалик ҳақиқат мавжуд бўлмасин, асарнинг кенг оммага ўтказган таъсири адабиётнинг ҳар қандай инсонга, ҳар қандай шароитда ўз фикр-ғояларини етказиб бера олишини исботлади.
Оқимга қарши сузган асар
Ўз даврида етарли қадр топмаган асар келажакда катта шуҳрат қозониши адабиёт учун табиий ҳол. Аммо Солженицин асарлари «оқимга қарши сузиб», ўз мамлакати тарихини қора бўёқлар билан тасвирлаганига қарамасдан, айнан шу жасорати учун ҳам шуҳрат топа олди. Солженицин бу асаридан сўнг кетма-кет тўртта асар ёзди ва улар ҳам биринчи асари каби кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.Адабиёт йўналишида Нобелни қўлга киритган адибнинг Нобелдаги нутқида ҳам унинг илк асари алоҳида тилга олинди. Адабиётдаги узун йўлини халқ кўзи олдида тортилган пардани четлаб, даврга маъқул келмайдиган ҳақиқатларни ёритиш каби машаққатлар орасида босиб ўтган адиб адабиётнинг асосий вазифаларидан бирини халқ кўзига ойна тутган каби кўрсата олди. Тарих ҳеч қачон фақатгина яхши ҳодисалардан ташкил топмаган. Ҳеч қайси ғоя эса фақат халқ манфаати йўлида ишламаган.
Ҳатто халқ учун хизмат қилишни ўзига маслак қилиб олган социализм ғояси ҳам халқ бошига кўплаб кулфатлар келтирди. Аммо буни ҳеч ким ёдга олишни истамас, бу барча учун бирдек оғриқли мавзу эди. Солженицин бўлса, камчилик ва хатоларни унутиш эмас, балки уларни қайтадан эслаш зарурлигини, фақат шу йўл орқалигина келгусида нотўғри қадам босмаслик мумкинлигини тушунар, буни қолганларга ҳам тушунтиришни истарди. Унутилган тарих келажакда ҳам қайталанаверади, бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат.
Токи тарих даҳшатлари, ҳукмдорлар кўрсатган зулмлар барчанинг ёдида маҳкам сақланмас экан, ҳеч ким уларнинг олдини олишга уринмайди ҳам. Сталинга қарши айтилган оддий бир гап туфайли ҳам қамоққа тушганлар, ватан йўлида хизмат қилиб, душманга асир тушгани учун ватан хоини сифатида айбланганлар ҳаёти адиб учун энг оғриқли мавзу эди. Барча доҳий сифатида қабул қилган ҳукмдорнинг зулми эса унинг кўз олдидан кетмас, оддий халқ манфаати йўлида ҳаракат бошлаган ғоя шу халқнинг эзилишига сабаб бўлгани уни ташвишга солар эди.
У ўз ташвишларини, ўз бошидан кечирган азоб-уқубатларини барчага эслатмоқчи бўлди ва буни адабиёт воситасида уддалади ҳам. Айнан унинг асарларидан сўнг совет тарихига бир томонлама ёндашиш тўхтатилиб, холис ёндашувга илк қадамлар қўйилди. Ўтмишни унутмаган ёзувчи эса айни шу ўтмишда эрксеварлик ва ҳақиқатпарастлик ғояларини куйлагани билан муҳрланиб қолиши шубҳасиз.
Иқтибослар
- Қамоқда эканингга шукр қилишинг керак. Бу ерда қалбинг ҳақида ўйлаб олишга вақтинг бор;
- Адабиёт «рухсат этилган» ва «рухсат этилмаган» каби чекловлар доирасида ривожлана олмайди. Адабиёт ўз даврига мослашса, келажакдаги ижтимоий ва сиёсий хавфлардан огоҳлантирмаса, у адабиёт номига лойиқ эмас, у шунчаки соя. Бундай адабиёт ўз ўқувчилари эътиборидан қолади ва ўқиладиган китобга эмас, балки чиқинди сифатида ишлатиладиган қоғозга айланади;
- Бир коса шўрва озодликдан ҳам, ҳаётнинг ўзидан ҳам, ўтмиш, ҳозир ва келажакдан ҳам қадрлироқ эди…
- Озодлик у учун фақатгина уйни англатарди. Аммо уни уйига қўйиб юборишмасди.
Изоҳ (0)