Россиянинг Ростов вилояти соғлиқни сақлаш вазири Татьяна Биковская пенсияга чиқиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ҳудуд ҳукумати хабар берди, деб ёзади Meduza.

Фото: «Ekhokavkaza.ru»

Бундан ташқари, Ростов-Дон маъмурияти раҳбари шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Надежда Левицкаяни ишдан бўшатди.

Биковская ва Левицкаянинг истеъфолари Ростов-Дондаги 20-сонли шаҳар касалхонаси қошидаги коронавирус госпиталида 13 киши вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганидан кейин бир ҳафта ўтиб юз берди.

21 октябрь куни 20-сонли шифохонанинг COVID-19’га чалинган беморлари «тиббий кислород билан таъминлашда узоқ танаффус бўлгани сабабли нафаси қисилиб вафот этгани» хабар берилган эди. Левицкая касалхонада кислород етказиш билан боғлиқ муаммо бўлмаганини айтганди.

Шунингдек, Ростов-Дон маъмурияти «вафот этган беморлар сони ва уларнинг ўлими сабаблари ҳақидаги маълумот» ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайд этган эди.

Эслатиб ўтамиз, Россия фуқароларига одамлар оммавий тўпланадиган жойларда, транспортда, автомобиль тураргоҳларида ва лифтларда ҳимоя ниқобларини тақиш мажбурий бўлди. Шунингдек, Россиянинг «Вектор» вирусология ва биотехнология давлат илмий маркази мамлакатдаги коронавирусга қарши иккинчи вакцинани ишлаб чиқаришни бошлади.