Озарбайжон Қуролли кучлари Тоғли Қорабоғ жанубидаги Кубатли шаҳрини эгаллади. Бу ҳақда Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили Арцрун Ованнисян маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Фото: BBC

«Кеча кечқурун жанглар вақтида Озарбайжон томони Кубатли шаҳрини эгаллашга ва бир нечта йўналиш бўйича олдинлашга муваффақ бўлди», — дея маълум қилган Ованнисян 26 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда.

Унинг сўзларига кўра, бир нечта йўналиш бўйича Озарбайжон томони муваффақиятга эришган, бироқ вазият қалтис эмас.

Арманистон Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, Озарбайжон Қуролли кучлари 26 октябрь куни жануби-шарқий йўналишда кенг қамровли ҳужумларни амалга оширган ва бир вақтнинг ўзида шаҳарларни ўққа тутган.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 25 октябрь куни Зангилан, Жаброил ва Кубатли туманларининг бир қатор қишлоқлари, шунингдек, Кубатли шаҳри қўлга олинганини маълум қилган.