Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов мусобақаларнинг мухлисларсиз ўтаётганига шарҳ бериб ўтди.

Фото: UFC

«Абу-Дабида бир йил аввал жанг қилган вақтим бу ерда ақл бовар қилмас оломон бор эди. Атрофимда кўплаб одамлар бор эди, шу жумладан отам ҳам. Ўша дамлар ажойиб эди. Энди ҳаммаси бошқача. Мухлислар бўлмайди. Ростини айтсам, менга бу ёқмаяпти. Мухлислар тўла залда жанг қилишни истайман, бироқ нима ҳам қила олардик?

Трибунада томошабинлар бўлса, бу буткул бошқа савия. Айримлар мухлисларсиз яхши жанг қилади, кимлардир уларнинг шовқинидан асабийлашади ва ёмонроқ жанг қилади. Ўзимни айтадиган бўлсам, мен томошабинларни яхши кўраман. Улар менга қувват беради. Улар мени қўллаб-қувватлайдими ёки йўқ, буни фарқи йўқ. Мен энергия оламан.

Ҳозир томошабинларсиз жангда қатнашаман. Кўрамиз, бундан нима чиқаркан. Бироқ октагон ёпилгандан кейин ҳеч нима ўзгармайди. Мен шунчаки рақибни овлайман», — дейди Ҳабиб.

24 октябрь, шанба куни БААдаги «Жангчилар ороли»да UFC 254 мусобақаси бўлиб ўтади. Кечанинг асосий жанги Ҳабиб Нурмагомедов ва Жастин Гэтжи ўртасида кечади.

Мусобақа Тошкент вақти билан 19:30 да бошланади. Асосий жанглар 23:00 дан бошланиши режалаштирилган.

Қайд этиш жоиз, UFC 254 мусобақасининг асосий кардида ўзбекистонлик Лилия Шокирова ҳам иштирок этади. Ушбу мусобақани бу ерда томоша қилиш мумкин — ҳавола.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!