Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 октябрь куни 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар 2020 йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, 2021 йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилади. Мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида 2021 йил инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан 2 баравар кўп маблағ ёки 100 миллиард сўм ажратилади.

Яна бир муҳим жиҳат — 2021 йилда чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун бюджетдан биринчи маротаба 30 миллиард сўм ажратилиши белгиланган. Мутасаддиларга бу борада янги тартиб ва рўйхатлар ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда 2020 йилда барча шифохоналар ва болалар боғчаларини оптик толали интернетга улаш режалаштирилаётгани маълум қилинганди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов 2020 йилнинг июль ойида республика бўйича 4786 та мактаб, 2895 та мактабгача таълим ташкилоти, 1729 та соғлиқни сақлаш муассасаси тезкор интернетга улангани ҳақида маълумот берганди.