Икки жилддан иборат, 420 дан ортиқ харитани ўзида жамлаган, республиканинг барча соҳаларини тавсифловчи фундаментал илмий картографик китоб — Ўзбекистон миллий атласи республикада биринчи маротаба яратилмоқда. Китоб 2020 йилнинг якунига қадар нашр этилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Картография илмий ишлаб чиқариш давлат корхонасида бўлиб ўтган медиа-турдан «Дарё» мухбири хабар берди.
«Ўзбекистон миллий атласининг I жилди республиканинг табиий-географик ўрни ва умумий хусусиятлари, табиий шароити ва табиий ресурслари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳаларини акс эттирган 205 та харитани ўзида жамлаган 3 та бўлимдан, II жилди эса республика аҳолиси, ижтимоий соҳаси, иқтисодиёти, тарихини акс эттирган 219 та харитани ўзида жамлаган 5 бўлимдан иборат», – дейди Картография илмий ишлаб чиқариш давлат корхонаси мутахассиси Анвар Эгамбердиев.
Мазкур атласни яратишдан асосий мақсад фаолият олиб бораётган маҳаллий ва хорижий корхона ва ташкилотлар, давлат идоралари ҳамда республика ва чет мамлакатлари фуқароларига республиканинг ҳудудий тузилиши, иқтисодиёти, маданияти, тарихи, экологияси, таълим тизими, туризми ҳақидаги бир қатор умумдавлат аҳамиятга эга бўлган маълумотларни картографик шаклда етказиб беришдан иборатлиги таъкидланди.
Медиа-турда атласни яратишда Кадастр агентлиги ва Картография ИИЧДКнинг 50 дан ортиқ мутахассиси, вазирлик, идоралардан бириктирилган 40 га яқин вакил ҳамда олий таълим ва бошқа илмий мақомга эга бўлган ташкилотлардан эксперт сифатида жалб этилган профессор-ўқитувчилари билан ишланаётгани айтиб ўтилди.
Анвар Эгамбердиевнинг айтишича, атлас Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 мартдаги 204-сонли фармойишига асосан яратилмоқда. Унинг тақдимоти яқин кунларда бўлиб ўтилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)