Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи бўлиб турган парламент спикери Канат Исаев президентлик лавозимидан истеъфога чиққанини маълум қилди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «Тоday.kg»

Сўронбай Жээнбеков 15 октябрь куни эрталаб Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфога чиқишини маълум қилгач, Канат Исаев автоматик равишда Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллаганди.

Энди давлат раҳбари вазифасини бажарувчи лавозими амалдаги бош вазир Садир Жапаров зиммасига ўтди.

Фото: Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати

Аввалроқ Канат Исаев давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимидан воз кечадими ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочган. Бироқ спикернинг қайд этишича, у бу лавозимни эгаллаш учун «маънан ҳақли эмас, чунки олтинчи чақириқнинг ваколат муддати тугамоқда».

Қирғизистонда 5 октябрдан буён парламент сайлови натижаларидан норозилик сабабли юзага келган сиёсий инқироз давом этмоқда. Мухолифат партиялари сайлов натижаларидан норози бўлди, мамлакатда норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланди. Шундан сўнг сайлов натижалари бекор қилинди ва ҳукумат истеъфога чиқди.

Садир Жапаров сиёсий инқироз бошланган вақтда қамоқда эди. У тартибсизликлар ташкил қилганликда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётганди. Намойишчиларнинг босими остида 6 октябрь куни Жапаров қамоқдан чиқарилди ва эртаси куни парламент томонидан бош вазирликка тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбеков 9 октябрь куни мамлакатдаги вазиятни ҳуқуқий майдонга қайтаришни исташини ва бунинг учун барча «зарур қарорларни» имзолашга тайёр эканлигини айтганди. «Жорий вазият яна қонуний ўзанига қайтиши, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат қонуний мақомга эга бўлиши ва мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши билан президент лавозимидан кетишга тайёрман», — деганди Жээнбеков.

Қирғизистон президенти 13 октябрь куни парламентнинг бош вазир лавозимига Садир Жапаровни тайинлаш ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топди ва уни мамлакат парламентига қайтариб юборди. Бунга бош вазирни тайинлаш бўйича мажлисда депутатларнинг етарлича сони иштирок этмагани сабаб сифатида кўрсатилди.

Сўронбай Жээнбеков 14 октябрь куни республика парламентининг янги спикери Канат Исаевга мурожаат қилиб, Садир Жапаров раҳбарлигидаги ҳукумат таркибини яна тасдиқлашни таклиф қилди. Шундан кейин Қирғизистон парламенти яна бир бор Садир Жапаровни бош вазирликка тасдиқлади. Шу куни Сўронбай Жээнбеков мамлакатнинг янги бош вазири Садир Жапаров билан учрашувда ҳозирги пайтда истеъфога чиқишга ҳаққи йўқлигини маълум қилди. Садир Жапаров эса президентга истеъфога чиқиш талабини қўйди.

Сўронбай Жээнбеков 15 октябрь куни мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, истеъфога чиқишга қарор қилганини билдирди.