Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида Damas ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.

Фото: ЙҲХББ

Маълум қилинишича, 2020 йил 22 сентябрь куни соат 15:30 ларда фуқаро М.А ўзининг Damas русумли автомашинасини Қўрғонтепа тумани, «Тадбиркор» МФЙ ўрамидан ўтган Савай–Қўрғонтепа автомобиль йўлининг Қўрғонтепа йўналиши бўйича бошқариб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотган.

Натижада қарама-қарши йўналишда келаётган фуқаро А.А.нинг «ЗИЛ–130» русумли юк машинасига бориб уриб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Бунинг оқибатида Damas автомобилининг салонида бўлган вояга етмаган фуқаро О.К. воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўрғонтепа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.