Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкент шаҳар маъмурий судида 9 октябрь куни UzAuto Motors АЖнинг Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, маъмурий иш судья Ғ.Давлатов раислигида кўрилмоқда. Суд мажлисида дастлабки сўз аризачи вакилига тақдим этилди.

UzAuto Motors АЖ вакили ўз важида жавобгар ўтказилган текшириш натижаларига кўра махсус комиссияси томонидан ишни кўришда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги, жумладан, комиссия йиғилиши 3, 7 август кунлари ўтказилган бўлса-да, мазкур йиғилиш баённомалари юритилмаганлигини, фақатгина комиссиянинг 19 август, яъни қарор қабул қилинган кундаги йиғилиш баённомаси мавжудлиги таъкидлаган.

Шунингдек, вакил томонидан улар махсус комиссияга йиғилишни ўтказишни бошқа кунга қолдириш тўғрисидаги илтимоснома киритилган бўлса-да, низомнинг 18-банди талаби бузилиб, иш UzAutoMotors АЖ вакили иштирокисиз кўрилиб, жамиятга ёзма фикр ва далилларни тақдим этиш ҳуқуқи чекланганлигини, шунингдек, жамиятда ўтказилган текшириш далолатномасида кўрсатилмаган ҳолатлар комиссия йиғилишида муҳокама қилинганлигини маълум қилган.

Шу билан бирга, вакил томонидан комиссия аъзолари таркибида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Шарипов бўлмаса-да, йиғилишда иштирок этганлиги, текшириш давомида автомобилларнинг таннархи асоссиз оширилган, деган номақбул далиллар келтирилганлигини билдириб, текширишда аниқланган камчиликларни инкор этувчи ҳужжатлар тақдим этилди.

Шунингдек, аризачи вакили томонидан судга илтимоснома киритилиб, жамиятда ўтказилган текширишга асос бўлган ҳужжатларни тақдим этиш сўралди. Ушбу илтимосномани қаноатлантириш тўғрисида суд ўз ўрнида ажрим қилди.

Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилларининг аризачи талабларига нисбатан келтирилган важлари тингланди.

Барча тарафларнинг фикри тингланганидан сўнг аризачи UzAutoMotors АЖ вакили томонидан дастлабки суд мажлисида киритган илтимосномани муҳокама қилишни, яъни жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг таннархи шакллантирилишида махфий ҳужжатларга асосланилганлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан эса ушбу ҳужжатлар тегишли тартибда ўрганилмасдан қарор қабул қилинганлигини, шу сабабли ўтказилган текшириш ва қабул қилинган қарорга нисбатан ўз эътирозларини билдиришлари лозимлигини маълум қилди.

Судга «махфий» грифи остидаги ҳужжатлар тақдим этилиб, суд мажлиси мазкур муҳокама қисмини ёпиқ тарзда ўтказиши сўралди. Ушбу илтимосномани муҳокама қилиш ва суд муҳокамасига тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш учун ишни кўриш кейинга қолдирилди.

Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 16 октябрь куни соат 10:00 да ўтказилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, депутат Расул Кушербаевнинг танқидлари ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors АЖга нисбатан иш қўзғатган эди. Қўмита компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган.

Қўмитанинг 2020 йил 19 август куни ўтказилган йиғилишида махсус комиссия томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлаган. Унга кўра, автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани аниқланган.

Мазкур ўрганиш натижалари омма учун эълон қилингач, UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилишини билдирганди ва кейинроқ компания Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани маълум бўлганди. Мазкур суд иши 2020 йил 2 октябрь куни бошланган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар