АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter’даги видеомурожаатида Хитойга коронавирус тарқатганлиги қимматга тушишини айтди, деб ёзади «Коммерсантъ».

Фото: АP

Трампнинг айтишича, америкаликлар худди президент каби даволаниши учун уларга касалхоналарда коронавирусга қарши дорилар бепул тарқатилади.

«Бундай воқеа юз бергани сизларнинг айбингиз эмас, бу Хитойнинг айби. Хитойга эса бизнинг мамлакатга қилган иши қимматга тушади. Хитойнинг бутун дунёга қилган иши қимматга тушади. Шуни эсда тутинглар», — деди президент.

Унинг маълум қилишича, Америка вакцинаси сайловлардан кейин чиқиши мумкин. Дональд Трамп буни сиёсий келишмовчиликлар билан изоҳлади. Эслатиб ўтамиз, АҚШда президент сайловлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтиши керак.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трампни COVID-19’дан даволаш нархи 100 минг доллардан ошиши мумкинлиги ҳисоблаб чиқилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Меланиянинг 2 октябрь куни коронавирусга топширган тести ижобий чиққан. Сўнг у Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказига ётқизилган.

Дональд Трамп ўз тарафдорлари билан учрашиш учун бироз вақтга шифохонани тарк этгани хабар берилган эди. Шунингдек, у коронавирусга топширган биринчи тестининг жавоби ижобий чиққанини яширгани маълум бўлганди. 6 октябрь куни эса коронавирусга чалинган АҚШ президенти Дональд Трампга ҳарбий госпиталдан жавоб берилгани хабар қилинди.